Иқтисодий судларда даъво аризани иш юритишдан тугатиш асослари
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 110-моддасига биноан иқтисодий судлар томонидан судга киритилган даъво аризалар қуйидаги ҳолларда иш юритишдан тугатилади, Хусусан:
- иш судга тааллуқли бўлмаса;;
- фуқаролик ишлари бўйича суднинг, иқтисодий суднинг ёки чет давлат ваколатли судининг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса, бундан иқтисодий суд томонидан чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш рад этилган ҳоллар мустасно;
- ҳакамлик судининг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса, бундан иқтисодий суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий тарзда ижрога қаратиш юзасидан ижро варақасини беришни рад этган ҳоллар мустасно;
- ишда тараф ҳисобланган юридик шахс тугатилган бўлса;
- ишда тараф ҳисобланган фуқаронинг ўлимидан сўнг низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса;
- даъвогар даъвосидан воз кечган ва суд уни қабул қилган бўлса;
- келишув битими тузилиб, у суд томонидан тасдиқланган бўлса;
- даъвогар жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаган бўлса, бунда шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки тарафлар шартномасида назарда тутилган ва бундай тартибни қўллаш имконияти бой берилган бўлса;
- тўпланган материаллар йўқотилган суд ишини ёки ижро ишини юритишни тиклаш учун етарли бўлмаса.
Юқоридаги асосларнинг бир ёхуд бир нечтаси мавжуд бўлганида судга киритилган даъво аризани иш юритишдан тугатиш ҳақида суд ажрим чиқаради.
Суд томонидан даъво ариза иш юритиш тугатилган тақдирда айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан судга такроран мурожаат қилишга йўл қўйилмайди.
Шомурод Бегматов,
Зомин туманлараро иқтисодий судининг раиси
Болбек Ўтанов,
Зомин туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси