Ҳурматли аҳоли ва улгуржи истеъмолчилар!
Хабарларингиз бор, кейинги кунларда юртимизда аномал иссиқ ва қуруқ ҳаво оқими ҳукм сурмоқда.
Иссиқ ҳаво шароитида барча хонадон, кафе, ресторан, ошхона, корхона ва ташкилотлар, истимоий соҳа объектларида совутгичлар узлуксиз тарзда ишлатилмоқда. Бундан ташқари деҳқон-фермер хўжаликларида етиштирилаётган ҳосилни суғориш учун сув насосларидан фойдаланилмоқда. Янги турдаги маиший техника воситалари жумладан, кир ювиш машинаси, печкалар, овқат иситиш машинаси, сув иситгич, вентилятор ва бошқалар. Бундан кўриниб турибдики, электр энергиясига бўлган талаб бир неча баробарга ошишига, тизимда юкламалар пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда.
Бунинг оқибатида нимстанциялар ва трансформатор пунктларида носозликлар юзага келиб, уларни бартараф этиш учун кўп куч ва вақт сарфланмоқда. Аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга етказилаётган электр энергиясининг узлуксизлигини таъминлаш, электр таъминотида юзага келган талофатларни ва вақтинчалик узилишларни бартараф этиш ишларида шаҳар ва туман электр таъминоти корхоналарининг тезкор чиқиш бригадалари ҳамда алоқадор барча хизматлари томонидан кучайтирилган тартибда тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Диспетчерлик маркази томонидан энерготизимда мувозанат сақлаш жараёни ўз вақтида таъминланмаса, тизимдаги «зўриқиш» турли йирик авария, катта-катта ҳудудларда узоқ вақт электр энергия бўлмаслигига сабаб бўлади. Шунинг учун вилоятимиз бўйича 35/10 кВли электр узатиш тармоқларини навбатма-навбат ўчириш талаб этилади.
Истеъмолчилардан қуйидаги оддий қоидаларга амал қилишларини сўраб қоламиз:
— совутгич, сув иситгич, вентилятор ва бошқа шу каби кўп электр энергиясини талаб қилувчи ускуналарни кераксиз вақтда ўчириб қўйинг;
— ёритиш ускуналарини бефойда ёқманг;
— энерготежамкор чироқлардан фойдаланинг;
— электр ускуналарини кутиш ҳолатида қолдирманг;
— овқат пиширишда усти ёпиқ қозонлардан фойдаланинг;
— кун давомида электр тармоғига иккиламчи ускуналарни уламанг.
Ҳурматли истеъмолчилар!
Бундай вазиятга холисона муносабат билдирасиз ҳамда электр энергиясида узилишларнинг олдини олишда юқоридаги қоидаларга амал қилиш орқали ўз ҳиссангизни қўшасиз деган умиддамиз.
Хонадонимиздан ёруғлик, файз аримасин, узлуксиз электр энергиясидан фойдаланай десангиз, ундан тежаб-тергаб фойдаланинг, исрофгарчиликка йўл қўйманг.