Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Энг долзарб масалалар таҳлил қилинган

Энг долзарб масалалар таҳлил қилинган

20 август 2021 йил
368
0

Охирги йилларда биз том маънода ўзгаришлар, янгиланишлар эпкинида яшаяпмиз. Янги Ўзбекистон фуқароси сифатида дунё эътироф этаётган ислоҳотларга нафақат шоҳид бўляпмиз, балки барчамиз узоқ йиллар кутган, халқ манфаатларига хизмат қиладиган катта қадамларни биргаликда ташлаяпмиз.

“Янги Ўзбекистон” газетасининг 17 август сонида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу нашр бош муҳаррири билан суҳбати ана шундай ўзгаришларни яққол кўрсатиб бергани билан аҳамиятлидир, десак муболаға эмас. Мен ҳам кўплар қатори давлатимиз раҳбарининг интервьюсини жуда катта қизиқиш билан ўқидим. Суҳбатда қайд этилган долзарб масалалар билан танишиб чиқдим.

Президентимиз таъкидлаганидек, кейинги 30 йилда Ўзбекистон аҳолиси15 миллион нафарга кўпайди. Бу ўртача бир мамлакат аҳолиси демакдир. Қолаверса, вақт ўтиши, ҳаёт ўзгариши билан одамларнинг истеъмол талаби ва эҳтиёжлари муттасил ортиб бормоқда. Еримиз, сувимиз эса кўпаймаслиги табиий. Бундай ресурслар нафақат бизда, бутун дунёда чекланган.

Бинобарин, биз энди ақлимизни, интеллектуал салоҳиятимизни, билим ва тажрибамизни оширишимиз, айнан ана шу омилларни иқтисодий ўсиш нуқталари ва ресурс манбаларига айлантиришимиз шарт.

Давлатимиз раҳбари бу масалани таъкидлабгина қолмай, муаммоларни ечиш механизмларини шу кунга қадар қадамба-қадам кўрсатиб келмоқда. Буларнинг барчаси эса ҳаёт даражасини юксалтиришга қаратилганига шак-шубҳа йўқ.

Халқимиз турмуш тарзи ҳақида гап борганида, сўнгги йиллардаги имкониятлар, ўзгаришларни мамнуният билан тилга олишимиз бежиз эмас. Энг муҳими, Президентимиз ташаббуси ва талаби билан одамларни рози қилишга қаратилган ишлар ҳар бир маҳалла, хонадонларга кириб боряпти. Ҳеч бир инсон эътибордан четда қолмаяпти. Кам таъминланган оилалар учун “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” сингари самарали тизимлар жорий этилди.

“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойили асосида барча идора-ташкилотлар фуқаролар дардига қулоқ тутадиган, уларни тинглайдиган бўлди. Иқтисодиётдаги ўсиш кўрсаткичлари одамлар турмуш шароитида ўз аксини топа бошлади. Суҳбатни ўқир эканман, ана шундай энг муҳим, долзарб масалалар борасидаги таҳлиллар менда жуда катта таассурот қолдирди.

Биз жадал ислоҳотларни амалга ошираётган бир даврда коронавирус пандемияси дунё халқлари қатори юртимиз учун ҳам оғир келгани рост. Шундай мураккаб шароитда давлатимиз раҳбарининг халқимиз соғлиғини асраш ва ҳаётини муҳофаза қилишга қаратилган сиёсати сабабли коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари ва ўлим кўрсаткичлари сони ошиб кетишига йўл қўйилмади.

Барча тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш, республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телетиббиёт хизматини йўлга қўйиб, диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилишининг ўзи халқимиз сарсон-саргардонлигининг олдини олди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида коррупция ҳолатлари етарлича экани, албатта, ачинарли ҳолат. Халқимиз бошига кўринмас ёв ҳужум қилиб турган бир вақтда айрим инсонларнинг бойлик йиғиш, даромад орттиришга ружу қўйиши инсонийликка зид амал.

Ўтган йилнинг ўзида тизимда 30 миллиард сўмдан ортиқ маблағни талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқлангани ва айбдорлар қонуний жазога тортилгани, шунинг учун бу соҳада таъсирчан назорат тизимини ўрнатишга, аввало, жамоатчилик назоратини кучайтиришга жиддий аҳамият берилаётгани суҳбатда алоҳида таъкидланди.

Бугун саломатликни асраш барчамиз учун энг муҳим масалалардан бирига айланган. Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этиш нафақат тиббиёт соҳаси, балки бутун жамиятимиз олдидаги долзарб вазифадир. Президентимиз яна бир бор халқимизни ўз соғлиғига масъулият билан қарашга, хавфли касалликка қарши эмлаш тадбирларида фаол иштирок этишга чақирдики, бу, албатта, ҳар бир инсон ўз ҳаётига, оиласига бефарқ бўлмаслиги кераклигига қаратилган даъватдир.

Муқаддас ЎРОЗАЛИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар