Янгиобод тумани ҳокими тинчлик ва осойишталик йўлида хизмат қилаётган бир гуруҳ ИИБ ходимларини тақдирлади
Янгиобод туманида Ички ишлар органлари ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида хизмат қилиб келаётган ички ишлар органлари ходимлари ҳамда кўп йиллар давомида ушбу соҳада меҳнат қилиб, ҳозирда нафақада бўлган фахрийлар иштирок этишди.
Тадбирда туман ҳокими Иброҳим Қаршибоев сўз олиб, ўз ҳаётини эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталигини асрашдек эзгу ва олижаноб ишга бағишлаган барча ички ишлар органлари ходимларини байрам билан табриклади ва сўнгги йилларда ички ишлар тизимини ислоҳ қилиш ҳамда бу соҳада олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталди.
Шундан сўнг юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, фуқароларимиз ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашдек шарафли ва масъулиятли ишга ўз ҳаётини бағишлаб, самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари ҳамда кўп йиллар давомида ушбу соҳада меҳнат қилиб, ҳозирда нафақада бўлган фахрийларга туман ҳокими томонидан фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Тадбирда сўз олганлар халқ манфаатларига хизмат қиладиган, замонавий моддий техник воситалар билан таъминланган, юксак билим ва кўникмаларга эга ватанпарвар кадрларни ўзида жамлаган, энг асосийси, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг кафолати бўла оладиган бу тизим - юртимизда соҳада амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар натижаси эканини таъкидладилар.
Байрам тадбири туман маданият бўлими ижодкорлари ва меҳмон санъаткорларнинг куй-қўшиқлари билан кўтаринки руҳда давом этди.