Аҳоли ва қурилиш ташкилотларига янги имкониятлар берилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2 декабрь куни қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш ва аҳолини уй-жой билан таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Халқимизнинг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Сўнгги беш йилда 140 мингдан зиёд янги квартира ва якка тартибдаги уй-жойлар барпо этилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, турар жой олиш тартиби осонлаштирилган эди. Жумладан, аҳолига ўзлари истаган уйни сотиб олиш имконияти яратилди. Натижада, соҳага сифат ва рақобат кириб келди, ҳудудларда замонавий архитектура ечимларига эга лойиҳалар пайдо бўлди. Бугунги кунда ипотека дастурлари доирасида йилига 35 минг хонадонли уй-жойлар қурилмоқда.
Шунга қарамай, ипотека бозоридаги таклиф талабга нисбатан кам. Аҳолида энг кўп талаб бўлган ўрта меъёрдаги уйлар етарли эмас.
Бундан ташқари, жойи ёки нархи аҳолига маъқул бўлмагани учун жами 255 миллиард сўмлик 950 та хонадон сотилмасдан турибди. Айрим вилоятларда ер участкалари ўз вақтида аукционга чиқарилмагани сабабли уй-жойлар қурилиши кечиккан. Оқибатда давлатдан мақсадли кредитлар учун ажратилган маблағ ўзлаштирилмаган. Кўп вилоят ҳокимлари ва уларнинг қурилиш бўйича ўринбосарлари пудратчи танлашда 2-3 та ташкилот билан чекланаётгани сифатга путур етказмоқда.
Самарқандда яхши тизим йўлга қўйилган. Вилоят ҳокимлиги лойиҳачи, қурувчи ва банкнинг “бошини бириктириб”, ҳамёнбоп уйлар қуришни ташкил этган. Шу боис субсидиядан фойдаланиш кўрсаткичи ҳам, кредитларни ўзлаштириш кўрсаткичи ҳам юқори.
Келгуси йил мамлакатимизда ипотека дастурлари доирасида 50 мингга яқин хонадонли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган. Бунга қарийб 13 триллион сўм мақсадли кредит ва 1 триллион 300 миллиард сўм субсидия ажратилиши кўзда тутилган.
Йиғилишда шу борадаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Аҳоли ва қурувчиларга янги қулайлик ва имкониятлар белгиланди.
Масалан, бугунги кунгача ипотека кредити ва субсидия олишда уй-жой майдони ва нархи билан боғлиқ чекловлар бор эди. Энди бундай чеклов бўлмайди.
Сотиб олинадиган хонадоннинг майдони ва нархидан қатъий назар, эҳтиёжманд аҳолига дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун 32 миллион сўм субсидия тўланади. Шунингдек, эҳтиёжманд аҳоли учун давлат томонидан қоплаб бериладиган субсидия миқдори барча ҳудудлар учун бир хил – 10 фоиз этиб белгиланади. Субсидиялар якка тартибдаги уй-жой қуриш ва таъмирлаш учун олинган кредитлар учун ҳам татбиқ этилади.
Яна бир янгилик – ипотека кредити олишда қариндош бўлмаган фуқароларнинг кафиллигига ҳам рухсат берилади.
Келгуси йилдан ижтимоий аҳволи оғир хотин-қизлар, чин етимлар ва ногиронлиги бўлганларга иккиламчи бозордан уй олишга ҳам имконият яратилади.
Давлатимиз раҳбари одамларга осон бўлиши учун янги уйлар тўғрисидаги маълумотлар, уларни расмийлаштириш, субсидия ва кредит ажратиш хизматларини бир жойда ташкил этиш бўйича кўрсатма берди.
“Мақсадли ипотека омонати” механизми жорий этилиши белгиланди. Бунда “харидор – банк – қурувчи” ўртасида уч томонлама шартнома тузилади. Харидор банк орқали қурувчини молиялаштиради, банк эса уйнинг харидорга вақтида топширилишига кафил бўлади.
Шунингдек, пудратчиларга қурилиши тугалланмаган, том қисми ёпилган кўп квартирали уй-жойларни кредит таъминоти сифатида гаровга қўйишга рухсат берилади. Тадбиркорлик жамғармаси томонидан қурилиш ташкилотларига кафиллик ва компенсация тўлаш муддати узайтирилади.
Рейтинги юқори бўлган пудратчи ташкилотларга ерни аукциондан сотиб олиш тўловининг аввал 30 фоизини, қолган суммани эса 12 ой давомида бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.
Мутасаддиларга ушбу қулайликларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳоли ва тадбиркорларга кенг тушунтириш бўйича вазифалар қўйилди.
Бош прокуратурага қурилиш нархларини асоссиз ошириш, рақобатни бузиш, тасдиқланган лойиҳаларни ўзбошимчалик билан ўзгартириш, таниш-билишчиликка йўл қўймаслик устидан қатъий назорат ўрнатиш бўйича кўрсатма берилди.
Йиғилишда қурилиш материаллари нархини арзонлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда кластер усули самарали экани қайд этилди.
Масалан, Тошкент ва Навоий вилоятларида шундай кластерлар ташкил этилган бўлиб, қурилиш конструкцияларининг 80 фоизини ўзида ишлаб чиқаради ва пудрат ишларини ҳам ўзи бажаради. Натижада уйнинг 1 квадрат метри таннархи 3,5 миллион сўм бўлмоқда. Бу бошқа қурувчи корхоналарникига нисбатан 20 фоиз арзон.
Шу боис ҳар бир ҳудудда қурилиш кластерлари ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
– Инфратузилма харажатларини қисқартириш учун бу кластерларни мавжуд хомашё ёки йирик корхоналар атрофида ташкил этиш керак. Масалан, Ғозғонда ташкил этилган кластер самарасини кўрсатди. Худди шундай, Ўзбекистон туманида 11 та цемент, гипсокартон, газоблок, темир-бетон, металл буюмлар, қуруқ қоришмалар корхоналари ишга туширилмоқда. Уларнинг ёнида логистика, илм ва инновация марказлари, замонавий лаборатория ташкил этиб, бозорни ўрганишни бирлаштирса, экспорт ва ички бозорларда рақобатдош кластер пайдо бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Хорижий экспертлар хулосасига кўра, бундай имконият Фориш, Сариосиё, Булоқбоши, Қоровулбозор, Пахтачи, Чуст, Оҳангарон каби туманларда ҳам бор. Шу боис мутасаддиларга 24 та туманни қурилиш материалларига ихтисослаштириб, лойиҳаларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Келгуси йилда мазкур туманларда геология ишларини ўтказишга 100 миллиард сўм, янги ташкил этиладиган кластерлар инфратузилмасига 200 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Шунингдек, қурилиш кластерларига айланма маблағ учун 10 миллиард сўмдан револьвер кредитлар, замонавий техника ва ускуналар сотиб олиш учун 2 миллион долларлик узоқ муддатли кредитлар ҳамда 2 йилга божхона имтиёзлари бериладиган бўлди.
Маълумки, қурилиш сифати ва муддати кўп жиҳатдан ишлатилаётган материалларга боғлиқ. Лекин бугунги кунда юртимизда замонавий қурилиш материалларини қўллаш 25 фоизга ҳам етмайди. Аслида, замонавий материалларни ишлатиш ҳисобига қурилиш муддатини 30 фоизга, таннархни эса 20 фоизга камайтириш мумкин.
Қурилиш вазирлигига инновацион, энергия тежамкор материалларни шаҳарсозлик меъёр ва қоидаларига киритиш, уй-жойлар барпо этишда улардан фойдаланишни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Архитектура ва қурилиш йўналишидаги олий ўқув юртларини трансформация қилиш, малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.