Янгиобод туманида янги ва замонавий кўринишдаги спорт зали очилди
Бугун Янгиобод тумани Совот қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида болалар ва ўсмирлар спорт мактаби учун янги спорт зал фойдаланишга топширилди.
Янги ва замонавий тусда бунёд этилган, кўрган кўзни қувонтирадиган, кўплаб қулайликларга эга ушбу спорт мажмуасининг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Иброҳим Қаршибоев, сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари, соҳа вакиллари, спортчи ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Маросимда сўз олган туман ҳокими И.Қаршибоев барчани янги спорт кошонаси билан муборакбод этиб, ушбу даргоҳ ёшларимизни жисмонан баркамол этиб тарбиялашга хизмат қилишини таъкидлади ва бу ердан етук спортчилар, жаҳон чемпионлари етишиб чиқишига тилак билдирди.
Шундан сўнг ОАВ вакиллари ва ташриф буюрганлар иштирокида спорт мажмуасида медиа-тур ташкил этилиб, бу ерда ёшларимиз учун яратилган шароитлар билан бирма-бир танишилди.
Шу билан бирга, туман раҳбари ёшлар ва спортчилар билан ҳам суҳбатлашиб, уларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари ҳамда юқори марралар сари интилишларида ҳар доим қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.
Жорий йилда инвестиция дастури асосида 3 млрд 100 млн сўм маблағ эвазига 18х30 метр ўлчамда барпо этилган ушбу спорт мажмуасида спортнинг 5 та йўналиши бўйича шароитлар ҳозирланган ва натижада 10 та янги иш ўрни яратилган.
Албатта, янги лойиҳалар асосида бунёд этилган ушбу спорт мажмуаси туманимиз аҳолиси, айниқса ёшларимиз учун яратилган қулайлик ва имкониятдир. Бу янги иншоот Янги йил байрами арафасида туманимиз аҳолиси учун ажойиб байрам совғаси бўлди.
Янгиобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати