ЯНГИОБОД ТУМАНИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ИНСПЕКЦИЯСИ БОШЛИҒИ ВАЗИФАСИНИ ВАҚТИНЧА БАЖАРУВЧИСИНИНГ ҲИСОБОТИ ВА ТАДБИРКОРЛАРГА МУРОЖААТИ
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мизиёев жорий йилнинг 16-март куни Давлат солиқ қўмитасига ташрифи давомида соҳани такомиллаштириш, хусусан солиқ тизимини рақамлаштириш, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини ошириш, шунингдек, “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлар билан бевосита мулоқотга киришиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни тушунтириш юзасидан бир қатор топшириқлар берганди.
Мазкур топшириқларнинг ижросини таъминлаш, тадбиркорларни солиқ соҳасидаги ўзгариш ва янгиликлар билан таништириш мақсадида 24-март куни Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти бошчилигида Зомин туманида тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилди. Зарбдор, Зомин, Янгиобод туманлари иштирокида ўтказилган учрашувларда жами 300 нафардан ортиқ тадбиркорлар иштирок этишди.
Шунингдек, 2022-йилнинг 1-чораги давомида туман давлат солиқ инспекцияси мутахассислари томонидан туманнинг ШФЙ ва МФЙ ҳудудларида жами 7 маротаба тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар ўтказилиб, қарийб 284 та тадбиркорлик субъектларига солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, янгиликлар, автоматлаштирилган ахборот тизимлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда Янгиобод туманида 539 тага яқин тадбиркорлик субъектлари фаолият юритади. Йил бошидан буён “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида туманимиздаги 124 та корхонанинг 45 та муаммолари ўрганилиб, мазкур муаммоларнинг 20 дан ортиғи бевосита солиқ ходимлари кўмагида ҳал этилди.
Янгиобод тумани давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 28 та корхонадаги 37 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилди.
Агар соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, савдо ва умумий овқатланиш корхонарларида 8 нафар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида 17 нафар, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 12 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилди ва буджетга 3,1 миллион сўм қўшимча маблағ йўналтирилди.
Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, 2020-йилда янги Солиқ кодекси қабул қилинди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мулк солиғи эса 2 фоиздан 1,5 фоизга тушди. Натижада, янгиободлик тадбиркорларнинг ҳам ислоҳотларга ишончи ортиб, солиқ тушумлари туманда 1,3 баравар кўпайган. Бундан ташқари, 2022 йилнинг 1- чораги давомида солиқ турларидан ортиқча тўлов суммасини қайтариш юзасидан 3 корхонага 3,2 миллион сўм пул маблағлари корхоналарнинг ҳисоб рақамларига қайтарилди.
2022-йилнинг 1-чораги давомида туманиимиз солиқ тўловчилари томонидан 3 миллиард 151,5 миллион сўм миқдорида солиқ тўланиб, белгиланган прогноз режаси 70,5 миллион сўм ортиғи билан бажарилди. Буджетга йўналтирилган маблағларнинг асосий қисми 2 миллиард 620,6 миллион сўми, яъни 83,2 фоизи юридик шахслар, 530,9 миллион сўми ёки 16,8 фоизи эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келди.
Солиқ турлари бўйича таҳлил этадиган бўлсак, тушумнинг 1 миллиард 939,9 миллион сўм ёки 61,5 фоизини жисмоний шахслар даромад солиғи, 279,8 миллион сўм ёки 8,8 фоизини айланмадан олинадиган солиқ, 101,3 миллион сўми ёки 3,2 фоизини юридик шахсларнинг мол-мулк,ер ва сув солиғи, 530,9 миллион сўм ёки 16,8 фоизини жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиғи ҳамда қолган 300,6 миллион сўм ёки 9,5 фоизини эса бошқа солиқлар ва йиғимлар ташкил этди.
Жорий йилнинг 1- чораги мобайнида “Солиқ ҳамкор” дастури орқали Янгиобод туманда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисида жами 7 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларга асосан 7 та сайёр солиқ текширувлари ўтказилди.
Ҳурматли тадбиркорлар! Янгиобод тумани давлат солиқ хизмати органлари ходимлари солиқ соҳасига оид барча саволларингизга жавоб бериш, билмаганларингизни ўргатиш ва “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида сизга яқиндан ёрдам беришга доимо тайёрдирлар.
Акмал Суюнов
Янгиобод тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи в.в.б