1 майдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради
Ёшларга оид бир қатор янгиликлар, ўсимлик ёғига нисбатан экспорт божининг жорий этилиши, давлат органлари ходимлари сонининг 15 фоизга қисқартирилиши, баъзи шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги берилиши, экологик хавфли маҳсулотларнинг мажбурий сертификатлаштирилиши — 1 майдан мамлакат қонунчилигида қандай ўзгаришлар бўлади?
1. Халқаро имтиҳон тизимларида юқори балл тўплаган ёшларга харажатлари қоплаб берилади
Ҳукумат қарори билан 1 майдан бошлаб 5 та халқаро имтиҳон тизими (IELTS, TOEFL, GMAT, GRE, SAT) бўйича юқори балл тўплаган ёшларга имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.
Харажатларни қоплаш учун фақат имтиҳон топшириш пайтида 31 ёшга тўлмаган Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона портал орқали мурожаат қилишлари мумкин бўлади.
2. Ўсимлик ёғи импортига ҚҚС бекор қилинади, шунигдек ушбу маҳсулотга нисбатан экспорт божи жорий этилади
Мамлакат ички бозорларида ўсимлик ёғи нархи кескин ошишининг олдини олиш мақсадида «Айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қонун билан Солиқ кодексига ўзгартиш киритилмоқда.
Унга кўра, 2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар:
- мамлакат ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб кириш;
- ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича маблағлар айланмаси қўшилган қиймат солиғидан озод қилинмоқда.
2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар бўлган даврда кунгабоқар ва пахта уруғлари, кунгабоқар ёғи ва пахта ёғи маҳсулотларига нисбатан экспорт божи жорий этилмоқда. Шунингдек, мойли экинлар экилиши устидан ҳам қатъий мониторинг ўрнатилиши режалаштирилган.
Ҳозиргача ушбу Қонун Сенат томонидан маъқулланган, президент томонидан имзоланганидан сўнг, белгиланган тартибда расмий кучга эга бўлади.
3. Ижарада яшайдиган талабаларга ижара тўловининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади
1 майдан ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижарада яшайдиган давлат ОТМ талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Бунда:
- ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида — БҲМнинг 1 баравари, қолган ҳудудларда — БҲМнинг 0,5 бараваридан ошмаслиги лозим;
- ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми биринчи навбатда эҳтиёжманд оила фарзандларига, ўрнак кўрсатган ва фаол талабалар учун қоплаб берилади;
- ОТМ томонидан уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган бошқа талабаларга ҳам ойлик ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилиши мумкин.
4. Деҳқончилик билан шуғулланаётган ёшларни фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан патронажга олиш тизими жорий қилинади
1 майдан деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланаётган ёшларни сектор, кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан патронажга олиш тизими жорий қилинади. Бунда, «устоз-шогирд» тамойили асосида ёшларга ажратилган ер участкаларини ўзлаштириш, агротехник тадбирларни ўтказиш, ерлар ҳосилдорлигини ошириш, етиштирилган маҳсулотни реализация қилиш ва бошқа масалаларда ёрдам кўрсатилади.
«Ёшлар дафтари»га киритилган деҳқончилик билан шуғулланаётган ёшларга уруғликлар ва кўчатларни харид қилиш учун БҲМнинг 8 баравари миқдоригача субсидия ажратилади.
5. Ёшларни тадбиркорликка жалб этиш ва уларни доимий иш билан таъминлашнинг янги тартиблари жорий этилади
2021 йил 1 майдан 2023 йил 1 январга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади.
«Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун БҲМнинг 40 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда «Ёшлар дафтари» жамғармалари ҳисобидан субсидия ажратилади.
6. «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» АТда рўйхатга олинган фуқароларнинг кредитлари бўйича кафиллик берилади
2021 йил 1 майдан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан:
- Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдордаги фоиз ставкаси билан кичик тадбиркорлик субъектларига миллий валютада бериладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тақдим этилади;
- «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» АТда рўйхатга олинган фуқароларга тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун кредит миқдорининг 75 фоизигача, бироқ БҲМнинг 150 бараваридан ортиқ бўлмаган тижорат банклари кредитлари бўйича кафиллик берилади;
- тадбиркорларга банк кредитлари бўйича компенсация ва кафилликлар кредит шартномалари сонидан қатъи назар берилади. Бунда компенсациялар тақдим этилаётган кредитларнинг умумий суммаси 10 млрд сўмдан, кафилликларнинг умумий суммаси эса 8 млрд сўмдан, бироқ умумий кредит суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим.
Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига олис ва чекка ҳудудларда жойлашган ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини аукционга қўйишда уларнинг бошланғич нархини 50 фоизгача камайтириш ваколати, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига бошланғич нархга чегирма белгиланадиган олис ва чекка ҳудудлар чегараларини белгилаш ваколати берилди.
Шунингдек, 2021 йил 1 майдан чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчилар ва «эркин муомалага чиқариш» божхона режимида товарларни республикага олиб кириш ва расмийлаштиришни, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатишни ўз вақтида таъминламаган импорт қилувчилар учун қонунчиликда белгиланган жарима миқдорлари 2 бараварга камайтирилади.
7. Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тугатилади
2021 йил 1 майдан Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тугатилиб, унинг қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича вазифа, функция ва ваколатлари Молия вазирлигига ўтказилади.
Шунга кўра, Молия вазирлигига капитал бозорини ривожлантириш соҳасида бир қатор вазифалар юклатилди, шулардан:
- Вазирлик қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш, ривожлантириш, тартибга солиш, назорат қилиш ва корпоратив бошқарув соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;
- Вазирлик марказий аппарати тузилмасида Капитал бозорини ривожлантириш департаменти ташкил этилди.
Департаментнинг ўз фаолиятини бевосита ҳудудларда олиб борадиган ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича Молия вазирлиги марказий аппарати ходимларига тенглаштирилади.
8. Бюджет харажатларининг 5 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади
2021 йил май ойидан 14 та туман (шаҳар)да бюджет харажатларининг 5 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.
9. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тузилмаси мақбуллаштирилади
2021 йил 1 майдан давлат органлари ходимларининг сони 15 фоизгача мақбуллаштирилади. Жумладан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда уларнинг идоравий ва ҳудудий бўлинмаларида жами 5288 та штат қисқарилади.
Шунингдек, вазирлик ва идораларнинг раҳбар ўринбосарлари лавозимлари ҳам қисқартирилади.
10. Бюрократик тўсиқларни қискартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар жорий этилади
2021 йил 1 майдан:
- Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун ариза-анкетани ва давлат божини электрон шаклда ЯИДХП орқали тўлаш имконияти яратилади;
- Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг хоҳишига кўра кўрсатилган давлат хизматининг натижаси почта алоқаси орқали етказилади (Рўйхат);
- ФҲДЁ органларининг белгиланган органларга (Мудофаа вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Давлат хизматлари агентлиги) жисмоний шахснинг ўлими қайд қилинганлиги ҳақидаги маълумотни тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади.
11. Экологик хавфли маҳсулотлар мажбурий сертификатлаштирилади
Экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларни Ўзбекистонга олиб кириш ва олиб чиқиш Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимидаги аккредитациядан ўтган экологик сертификатлаш органи томонидан бериладиган экологик сертификат асосида амалга оширилади.
Экологик сертификат олиш учун ариза берувчи «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали ёки тўғридан-тўғри Давлат экология қўмитаси тизимидаги экологик сертификатлаш органига ариза билан мурожаат қилади.
Экологик сертификатлаш органи 1 иш куни мобайнида тақдим этилган ҳужжатларни таҳлил қилади ва ҳужжатлар тўлиқ бўлганда экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларни сертификатлашни амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилади.
Экологик сертификат:
- Олиб кирилаётган экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларга (транспорт воситаларидан ташқари) аниқ ҳажми (сони) кўрсатилган битта ташқи савдо шартномаси (контракти) ва етказиб берувчи ҳамда қабул қилувчи ўртасида тузилган келишув (лар) нусхасига асосан — бир календарь йилдан ошмаган муддатга;
- Экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларнинг ҳар тўпига — бир йилдан ошмаган муддатга;
- Маҳсулотларни сериялаб ишлаб чиқариш жараёнларига эса — 3 йил муддатга берилади.
12. Барча давлат ташкилотларида ижрони назорат қилиш фақат «Ijro.gov.uz» тизимида амалга оширилади
2021 йил 1 майдан барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ижрони назорат қилиш, назорат картотекаларини юритиш ва ҳисоботларни шакллантириш фақат «Ijro.gov.uz» тизимида амалга оширилади, бунда бошқа ҳар қандай назорат дастурлари, ҳисоботлари ва базаларини юритиш амалиёти бекор қилинади.
13. Баъзи шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги берилади
2021 йил 1 майдан мамлакатга 2005 йил 1 январга қадар келиб, доимий яшаётган, шунингдек мамлакатда 15 йил давомида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган (чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган) шахслар томонидан истак билдирилган тақдирда Ўзбекистон фуқароси деб тан олиш тартиби жорий қилинади.
14. Электрон техник паспортлар жорий этилади
2021 йил 1 майдан янги қурилиши режалаштирилаётган кўп қаватли бино ва иншоотларнинг конструктив тизими, қурилиш майдонининг сейсмий даражаси кабиларни назарда тутувчи электрон техник паспортлар шакллантирилади.
Шунингдек:
- «Шаффоф хайрия» ягона интерактив портали ишга туширилади;
- Объектларни қўриқлаш тизими «Юқори сифат ва қулай нарх» тамойили асосида босқичма-босқич такомиллаштирилади;
- Айрим молиявий маълумотларни ОАВ ва интернетда эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилади.
- Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш доирасида — давлат шериги боқувчисини йўқотган аёллар фарзандларининг ота-оналар бадали тўловларини тегишли ҳудуддаги 9 соатлик давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган миқдорларда қоплаб беради.