Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Субсидия олиш ҳақида 6 та долзарб саволга жавоб.

Субсидия олиш ҳақида 6 та долзарб саволга жавоб.

28 май 2020 йил
813
1

Жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларга субсидиялар беришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Қуйида биз субсидия ўзи нима эканлиги, ким берилиши ва арзон уй-жойлар ҳақида тушунтириш бермоқчимиз.

Субсидия ўзи нима?

Субсидиялар — даромади юқори бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида давлат бюджетидан қайтариб берилмайдиган маблағлардир.

Бошланғич бадал — бу бирламчи бозордаги (яъни, янги қурилган) уй-жойларни сотиб олиш учун ажратиладиган пуллар. Шаҳар ва қишлоқ жойларда уларнинг қиймати ҳар хил бўлади.

Субсидия, шунингдек ипотека кредити бўйича фоизларни қоплаш учун ҳам берилиши мумкин.

Бунда қишлоқ жойларда — биринчи беш йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун — 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига,

Шаҳарларда (шу жумладан, Тошкент шаҳрида ҳам) эса — дастлабки бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида;

Тошкент шаҳрида биринчи беш йил давомида кредит бўйича фоизларни қоплаш учун — 12 фоизлик пунктдан ошган қисмига;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.

Ҳар бир ҳудудда қуриладиган уй-жойлар сонидан келиб чиқиб, йил давомида ажратиладиган субсидиялар миқдори ҳақида Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда тегишли ҳокимликлари томонидан оммавий ахборот воситаларида маълумот берилади.

Субсидия олиш учун аризани Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали электрон тарзда бериш мумкин.

Субсидия олиш учун аризалар 2020 йил 1 октябрига қадар қабул қилинади.

Субсидиялар кимга берилади?

Эслатиб ўтамиз, мазкур маблағлар фақатгина уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа Ўзбекистон фуқароларига ажратилади.

Субсидия олиш учун фуқаро 18 ёшга тўлган бўлиши керак. Агар фуқаро меҳнат мигранти бўлганда, унинг номидан оила аъзолари ҳам ариза бериши мумкин.

Субсидия ва арзон уйлар — бир хил тушунчами?

Эътибор беринг! Субсидиялар уйларни БОЗОР НАРХИДА харид қилишга берилади. Яъни, субсидия билан арзон уй-жойлар икки бир бирига умуман алоқаси йўқ бўлган тоифадаги тушунчалар.

Шунингдек, субсидияларга тегишли Фармон чиқиши билан арзон уй-жойлар дастури ёпилгани йўқ! Ҳокимликлар фуқароларни қабул қилмасликлари бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритилмаган.

Арзон уй-жой учун НАВБАТларингиз ДХМлар орқали ўзгартирилмайди. Ушбу масалада маҳаллий ҳокимиятларга мурожаат этиш лозим.

Субсидия олишда баллар... бу нима?

Субсидия — бу бўйича ариза топширган ҳар бир талабгорга пул маблағи берилади дегани эмас. Бунинг учун бир қатор талаб ва ҳолатларга жавоб бериш лозим.

Субсидия берилиши учун авваламбор масъул органлар вакилларидан шакллантирилган махсус комиссия ариза берувчиларга мезонлар бўйича балл беради.

Масъул органлар — ички ишлар бўлими, молия бўлими, давлат солиқ инспекцияси, бандликка кўмаклашиш маркази, кадастр корхонаси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, туман (шаҳар) ҳокимликлари, иштирок этувчи тижорат банклари. Буларнинг ҳаммаси ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ҳаққоний эканлигини текшириш учун керак.

Ижтимоий мезонлар уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларни аниқлашга хизмат қилади. Балл тўплаш учун мезонларга талабгор ва (ёки) унинг оиласининг даромади (шаҳар ва қишлоқ жойлари учун алоҳида кўрсаткичлар белгиланган), турар жой мақоми (ижара ёки шахсий мулк), ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганлар (меҳнат мигрантлари, етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ёлғиз аёллар ва ҳоказо), шунингдек, оилада ногиронлиги мавжуд бўлган шахслар инобатга олинган.

Субсидия тартиб бўйича балл тўплаганларга берилади.

Субсидия олиш учун қандай маълумотларни тақдим этиш керак?

– паспорт;

– оила аъзоларининг паспорти ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси (тўлиқ оила ва вояга етган фарзанди(лари) бўлганда) ва фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари (агар вояга етмаган бўлса) нусхаси;

– никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганлиги тўғрисидаги суд қарори (никоҳ қайд этилган ҳолларда) ва оилавий ҳолати тўғрисида ФҲДЁ органлари архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолларда);

– доимий прописка жойидан кадастр рақами ва турига тегишли маълумотлар;

– доимий прописка жойидан уй дафтарининг ёки квартира карточкасининг (17-шакл бўйича) нусхаси;

– ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромади ҳамда ушлаб қолинган даромад солиқлари ҳақида маълумотнома (қўшимча даромадлар бўлса солиқ декларацияси).

Ариза якунлари бўйича талабгорга ижобий жавоб олинган тақдирда фуқаро ўзининг танловига кўра субсидияни уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга қаратилган маблағ шаклида олиши мумкин бўлади.

Танганинг орқа томони-чи?

Агар талабгор ипотека шартномаси бўйича шартнома мажбуриятларини (тўловларни) сурункали равишда бажармаслиги оқибатида ипотека шартномаси бекор қилинса, шартнома бўйича ундириладиган маблағлар, шу жумладан, ажратилган субсидиялар гаровдаги уй-жой сотилишидан тўлиқ равишда қайтарилади.

Эътибор беринг! Субсидия олиш жараёнида Давлат хизматлари марказлари Сиздан фақатгина ариза олиб қолиб тайёр натижани тақдим этишга ваколатли.

Қолган масалалар, яъни кимга, қайси ҳамда қанча миқдорда субсидиялар ажратишни ташкил этиладиган КОМИССИЯ томонидан ҳал қилинади. Бу ишга Давлат хизматлари маркази аралашмайди.

Субсидиялар бир оилага (оила аъзоларининг биттасига) ФАҚАТ 1 марта берилади.

Манба: Davxizmat.uz

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг

Тавсия этамиз:

Фикр билдириш
Изоҳлар (1)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Деми
Деми Гости 22 октября 2024 19:16
Яна качон субсидиялар булади?
Ариза тулдирсак тулиб булган дебди .
Фойдали ҳаволалар