Янги Ўзбекистон – янги суд тизими
Сўнгги олти йилликни сарҳисоб қилар эканмиз, жамиятимизнинг турли бўғинларида тубдан ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширилди. Ислоҳотлар давомийлигини таъминлаш мақсадида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони жаҳон миқёсидаги мураккаб жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида қабул қилинганлигини эътироф этиш жоиз.
Ушбу стратегик режа, лойиҳадан суд тизими четда қолгани йўқ, албатта. Тараққиёт стратегияси 100 та устувор мақсадни қамраб олган ва ушбу мақсадлар энг муҳим ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий муносабатларни қамраб олган, десак муболаға бўлмайди. Стратегиянинг 15-мақсади давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини оширишга бағишланган бўлиб, ушбу мақсад доирасида Маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш, «Хабеас корпус» институтини янада ривожлантириш орқали тергов устидан суд назоратини кучайтириш, суд процессида томонларнинг ҳақиқий тенглик ва тортишув тамойилларини рўёбга чиқариш, судлар тизимида «ягона дарча» тамойилини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъий назар, қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизимини жорий этиш, суд тизимини босқичма-босқич рақамлаштириш, бюрократик ғов ва тўсиқларни бартараф этиш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини тубдан ошириш, низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, ярашув институтини қўллаш доирасини янада кенгайтириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда судьялар ҳамжамияти органларининг ролини янада ошириш, судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этиш ҳамда судьяларга ғайриқонуний тарзда таъсир ўтказишнинг олдини олиш бўйича таъсирчан механизмларни яратиш каби устувор вазифалар белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган байрам табригида давлатимиз олдига қўйилган юксак марраларга эришиш учун 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида 5 та асосий вазифани белгилаб берди. Ушбу вазифаларнинг иккинчиси бўлиб суд тизими тилга олинди. Давлатимиз раҳбари суд тизими мустақил бўлмас экан, жамиятимизда ривожланиш бўлмасилигини, Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши кералигини алоҳида таъкидлаб ўтди. “Қанчалик қийин бўлмасин, суд тизимидаги ислоҳотларимизни албатта давом эттирамиз”,-деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги“Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сон Фармони билан суд тизимида катта ўзгаришлар юз берди. Вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этилди. Бу ўзгариш судга мурожаат қилувчилар учун қулайлик яратиш, оптимизация, янгиланган ва жаҳон тажрибасига мосланган суд тизимини яратиш, одил судловни таъминлаш мақсадида амалга оширилди десак, муболаға бўлмайди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил 14 ноябрь куни одил судловни таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Ушбу йиғилишда судлар фаолияти, аввало, инсон тақдирига, барча соҳалар тартиби ва тараққиётига даҳлдор масала эканлиги, шунинг учун ҳам мамлакатимизда судлар мустақиллигини мустаҳкамлаш, ишларни кўришда холислик, адолат ва қонунийликни таъминлаш чоралари кўрилаётгани, сўнгги олти йилда бу тизимга оид 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, муҳтарам Президентимиз томонидан судларда тортишув муҳитини шакллантириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ишини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар ва суд соҳасида рақамлаштиришни кенгайтириб, ахборот тизимларини уйғун қилиш, замонавий технологиялар орқали одамларга қулайликларни ошириш бўйича топшириқлар бергани суд тизими ривожлантиришга, одил судловни таъминлашга бўлган эътибор давлат сиёсатининг асосий қисмига айланганидан далолат беради.
Жавоҳир Избосаров,
Зомин туманлараро иқтисодий
суди девонхона мудири