Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Қонунчиликдаги янгиликлар

Қонунчиликдаги янгиликлар

29 ноябрь 2022 йил
265
0

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, ички ишлар органларини фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган чинакам халқчил тизимга айлантириш йўлида салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан ички ишлар органлари фаолияти тубдан ислоҳ этилди, ушбу соҳага оид қонунчилик такомиллаштирилди.

Ўтказилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизими тузилмасига бир қанча ўзгаришлар киритилди, шу жумладан айрим раҳбарлик лавозимларининг таснифи ўзгартирилди, шу муносабат билан ички ишлар органлари тизимидаги мазкур раҳбарларнинг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисида ҳамда жамоат хавфсизлиги ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳисобдорлигини қонунчиликда белгилаш зарурияти юзага келди.

Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 27 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 797-сонли қонуни билан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги ва «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаларининг, вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ҳар чоракда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳисоботлар тақдим этиши тартиби жорий этилди.

Шу билан бирга, туман, шаҳар ички ишлар бўлинмаларининг бошлиқлари — ҳар чоракда ва уларнинг ўринбосарлари — ҳар ойда, шунингдек маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларининг профилактика катта инспекторлари — ҳар олти ойда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳисоботлар тақдим этиши тартиби жорий этилди.

Бундан ташқари, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ички ишлар органлари тизимида фаолият юритаётган маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларининг ҳуқуқий мақомини ва асосий вазифаларини белгилаб қўйишга қаратилган қўшимчалар киритилди.

Қонунга кўра, маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ички ишлар органларининг фаолиятини бевосита маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича, шунингдек фуқароларнинг хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлаш борасида ички ишлар органлари, бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ва жамоат тузилмаларининг ҳамкорликда ишлашини маҳаллалар кесимида ташкил этиш бўйича амалга оширадиган таркибий тузилмаси эканлиги белгиланиб, маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ўз фаолиятини;

-профилактика катта инспектори, профилактика инспектори, профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси (ҳар кунлик асосда);

-мазкур ҳудудда хизматни ўташ учун бириктирилган туман (шаҳар) ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори, пробация бўлинмаси инспектори, тезкор вакил, патруль-пост хизмати ходимлари;

-жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига кўмаклашиш учун юборилган Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия бўлинмасининг ва бошқа ваколатли давлат органларининг ходимлари, шунингдек жамоат тузилмаларининг вакилларидан иборат таркибда амалга ошириши белгиланди.

Мазкур Қонун ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлиги, шунингдек уларнинг фаолиятини халқ вакиллари томонидан назорат қилиб бориш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиб, ички ишлар органларининг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга ва уларнинг ўзаро фойдали ҳамкорлигини кенгайтиришга, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлиги соҳасида кўрилаётган чоралар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

И.Карабаев,

Жиноят ишлари бўйича

Янгиобод туман судининг раиси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар