Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Янгиобод туманидаги "Чилмаҳрам ота" зиёратгоҳи ҳақида эшитганмисиз?

Янгиобод туманидаги "Чилмаҳрам ота" зиёратгоҳи ҳақида эшитганмисиз?

27 май 2023 йил
1 256
0

Янгиобод туманидаги мазкур зиёратгоҳ Хўжамушкент қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида, Тожикистон билан чегарадош Баят, Эрганали қишлоқлари юқорисида, Баятсойнинг жанубий қирғоғидаги кўҳна қабристон ичида жойлашган. Зиёратгоҳнинг асосий қисми бўлган, мақбара ҳамда қадимий тут дарахти халқаро “Олтин мерос” ҳайрия жамғармаси тасарруфига олинган. Ушбу маскан 2015 йили ҳашар йўли билан қайта таъмирланган.

Бу ернинг табиати, эски қабристон, булоқлардан ҳосил бўлган зилол сувли ариқлар, боғлар, пистазорлар мазкур гўшанинг қадим аждодларимиз истиқомат қилган табаррук манзилгоҳ эканлигидан далолат бериб туради. Жумладан, ҳозир қайта тикланган мақбаранинг кун ботиш томонида остадонни эслатувчи қозонсимон хум бор. Тупроқ ишларини бажариш чоғида топилган мазкур қизил сополдан ясалган хумнинг бир чети кетмон тегиши туфайли дарз кетган, одамлар уни шу ҳолда сақлаш мақсадида тупроқ орасида қолдиришган. Ичида нима борлиги номаълум. Мутахассислар фикрича, бу исломдан аввалги одамлардан бири дафн этилган остадон бўлиши мумкин. Мақбаранинг кунчиқиш тарафида эса ертўлани эслатувчи ғор бор. 

Айтишларича, бу ғор қирқ авлиё дарвеш зикр тушадиган, чилла ўтириб тафаккур қиладиган жой вазифасини бажариб келган. Улар қирқ нафар бўлгани учун чилмаҳрам, яъни қирқ маслакдош, қирқ сирдош деб аталган. Бу қирқ маҳрам юртимизнинг қирқ гўшасидан келиб, бу ерда вақти-вақти билан тўпланиб турганлиги эҳтимолдан ҳоли эмас.

Зиёратгоҳнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлган шахс ҳақида шундай бир ривоят мавжуд: Ғорда кечаси авлиёлар жаҳрий зикр қилиб ўтирганда бешикка боғланган маҳаллий 3-4 ёшли болакай ўзини ўзи ечиб, бу ерга келиб, мажлисга қўшилади. (Одатда оилада ёлғиз ўғил болалар юрадиган бўлиб қолса ҳам, бешикда ётишни канда қилмаган, укасига бешикни бўшатиб бермаган, онаси эркатой боланинг кўнглига қараб сумак ва туваксиз боғлаб қўяверган. Тунда ота-онасидан яширин ҳолда яна бешикка ўзини ўзи боғлаб ётиб олаверади). Тунлардан бирида ота-она бола бешикда йўқлигини билиб қолишади. Уни излаб топиша олмайди. Эрта тонгда қарашса, бешикда бола яна ухлаб ётибди. Бошқа куни тунда пойлаб ўтиришади. Бола бешикдан бўшалиб ғор томон кета бошлайди. Етиб бориб қирқ дарвеш сафига қўшилади. Ортидан кузатиб борган ота-она гап нимада эканлигини англаб ҳам хурсанд бўлади, ҳам ташвишга тушади. Айтишларича, бу бола улғайиб, авлиёлар тарбиясини олиб, маънавий камолликка эришади ва Мўғол халқининг пири бўлиб хизмат қилади. Вафотидан сўнг эса халқ орасида (қирқ маҳрамга қўшилгани учун) Чилмаҳрам ота номини олади.

Дилмурод Ражабов,

Ахборот хизмати раҳбари

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар