ЭР-ХОТИН ЎЗ ЮРТДОШЛАРИНИ ФОҲИШАЛИККА МАЖБУРЛАГАНИ УЧУН ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ
Одам савдосининг бутун инсониятга хавф солаётган глобал муаммо эканини бугун кўпчилик яхши билади, унинг турлари, шакллари ва одамларни тузоққа туширишда ишлатиладиган усуллари ҳақида матбуотда бот-бот маълумот бериб келинаётганига қарамай, ушбу уюшган трансмиллий жиноят кўлами учраб турилмоқда.
Мамлакатимизда одам савдосининг оқибатларини чуқур англаган ҳолда унга қарши курашиш, юртдошларимизни мазкур жиноят қурбонига айланиб қолишдан асраш, ундан жабр кўрганларга ҳуқуқий, ижтимоий, тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Қисқаси, одам савдоси билан боғлиқ жиноятга қўл уриш қуйида биз тафсилотини келтираётган воқеадаги сингари муқаррар жазога сабаб бўлади.
Суднинг ҳукмига кўра, С.Баратов ва К.Баратова (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) эр-хотин бўлиб, тергов давомида аниқлашнинг имкони бўлмаган бошқа шахслар билан ўзаро жиноий тил бириктириб, 2019 йил март ойи бошларида Сирдарё вилоятида яшовчи К.Избосарова ва М.Нурбекова билан “WhatsApp” месенджери орқали танишиб, уларга Дубай шаҳрида даромадли ишларда ишлашини айтиб, уларни алдаб, Ўзбекистон Республикасидан Қозоғистон Республикасига боришига ва у ердан танишлари орқали ноқонуний равишда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига етиб боришига эришиб, Дубай шаҳрининг аэропортида К.Баратова шахсан К.Избосарова ва М.Нурбековани қабул қилиб олиб, улардан Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортларини олиб қўйиб, муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод этадиган ва олдиндан тайёрланган Туркия давлатининг фуқаролик паспортларига К.Избосарова ва М.Нурбековаларнинг суратини ёпиштириш йўли билан қалбакилаштириб, ушбу қалбаки паспортлардан фойдалангани ҳолда С.Баратов ва К.Баратова текин бойлик орттириш мақсадида, К.Избосарова ва М.Нубекованининг эркин ҳаракатларини чеклаб қўйиб, уларни фоҳишалик қилишга мажбурлаб, 2022 йил 02 февраль кунига қадар уни Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида турли эркакларга қўшиб беришган.
Шунингдек, С.Баратов ва К.Баратова ҳамда тергов давомида аниқлашнинг имкони бўлмаган бошқа шахслар билан ўзаро жиноий тил бириктириб, 2019 йил апрель ойи бошларида Сирдарё вилоятида яшовчи М.Кенжаева, Ш.Кувватова ва Ч.Эргашевалар билан “Telegram” месенджери орқали танишиб, уларга Дубай шаҳрида аёллар гўзаллик салонида сартарош ва бошқа шу каби ишларида ишлашини айтишиб, уларни алдаб, Ўзбекистон Республикасидан Қозоғистон Республикасига боришга, у ердан ноқонуний равишда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига етиб боришига эришиб, уларни тергов давомида қисми ажратилган шахслар орқали қабул қилиб олиб, текин бойлик орттириш мақсадида М.Кенжаева, Ш.Кувватова ва Ч.Эргашеваларнинг эркин ҳаракатларини чеклаб қўйиб, уларни фоҳишалик қилишга мажбурлаб, 2022 йил 02 февраль кунига қадар уни Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида турли эркакларга қўшиб беришган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятга қўл урганлар ушланиб, айбдорлар ва жабрланганлар мамлакатимизга қайтарилган
Суд мазкур жиноят ишини ҳар томонлама ва синчковлик билан ўрганиб чиқиб, тўпланган далилларга баҳо бериб, С.Баратов ва К.Баратовани Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “г” банди, 28,223-моддаси 2-қисми “б,в” бандлари ва 28,228-моддаси 3-қисми айбдор деб топиб, С.Баратовга 10 йил 6 ой, К.Баратовага 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Ҳалол яшашга ўрганган одам қинғир ишларга ҳеч қачон қўл урмайди. Номуносиб хулқ ва текин бойлик ортириш кишини, шубҳасиз, кўнгилсиз воқеалар гирдобига элтади.
Бахтиёр Мамадаминов,
Жиноят ишлари бўйича
Янгиобод туман судининг раиси