Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томониларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш ва унинг оқибатлари
Инсон шаънини эъзозлаш, унинг қадр-қимматини юксалтириш мамлакатимизнинг асосий вазифаларидан бири сифатида эътироф этилиши барчамизга маълум. Шу сабабли қонунчилигимизда бўлаётган янгиликлар, инсон ҳуқуқлари ва уларнинг кафолатларига оид қабул қилинаётган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан бир қаторда турли ҳил соҳаларга оид қонун ҳужжатларида фуқароларнинг ҳуқуқларига зид ҳолатлар мавжуд эмаслиги, балки инсон ҳуқуқларини амалга ошириш учун яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида тушунчалар ҳосил қилишимиз мумкин.
Аммо баъзи бир ҳолатларга ҳам эътибор қаратадиган бўлсак: ҳозирги кунда шахснинг шаъни ва қадр-қимматига зарар етказувчи энг асосий омиллардан бири бу – инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш ҳисобланади.
Ушбу қилмиш учун қонунчилигимизда белгиланган жазо чоралари мавжуд бўлиб, ҳозирда ҳам мазкур ҳолатларни камайтириш ва бартараф этиш учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилмода.
Бу борада 2023 йилнинг 11 апрелдаги “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такогмиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-829-сонли Қонун ҳам қабул қилиниб, зарур чоралар ва жаъзо чоралари белгилаб олинган.
Шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилишюзасидан юқоридаги Қонунга кўра, Шахс танасининг ва (ёки) жинсий аъзоларининг яланғоч ҳолдаги фото- ва (ёки) видеотасвирини ўз ичига олган ахборотни унинг розилигисиз тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш ёхуд бундай ахборотни тарқатиш билан қўрқитиш,базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши, худди ўша ҳаракатни
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.
Шу каби ҳолатларни бартараф этиш юзасидан ҳамда инсон ҳуқуқларини кафолатлаш борасида юртимизда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги таъкидлаб ўтсак муболаға бўлмайди.
Шунингдек фуқароларга берилаётган имкониятлардан, яъни журналистик ва бошқа шунга ўхшаш эркинликларидан ғаразли ниятларда фойдаланиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар олиб бориш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар инсон ҳуқуқларини эъзозлаш ва қадр-қимматига юксак эҳтиром кўрсатиш демакдир.
Ш.Х.Бегматов,
Зомин туманлараро иқтисодий суди раиси