Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Oдам савдоси жиноятининг тушунчаси

Oдам савдоси жиноятининг тушунчаси

22 январь 2024 йил
128
0

Ўзбекистон Республикасида энг олий қадрият инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа табиий хуқуқлари бўлиб, уларни таъминлаш Конституция билан кафолатланган.

Қонунда одам савдоси учун жиноий жавобгарлик белгиланганлиги шахс эркинлигининг конституциявий кафолатларидан бири ҳисобланади.

Жиноят кодексининг 135-моддаси биринчи қисми диспозицияси мазмунига кўра, одам савдоси деганда, одамни олиш-сотиш ёки одамни эксплуатация қилиш мақсадида ёллаш ёки қабул қилиш тушунилади.

Олди-сотди тариқасидаги одам савдоси одамнинг бир шахс томонидан бошқасига пул, бошқа моддий қимматликлар (мулк), мулкий ҳарактердаги хизматлар, мулкий ёки пул шаклидаги қарздан воз кечиш ва х.к.лар сифатидаги хақ эвазига берилиши тўғрисида ёзма ёки оғзаки битим тузилишини назарда тутади. Бундай кўринишидаги одам савдосига одам қандай мақсадларда сотиб олинганлиги (сотилганлиги) хуқуқий аҳамият касб этмайди.

Шахс одамни унинг эвазига хақ олингандан сўнг топшириш шарти билан сотишга ваъда бериб, бироқ азалдан унинг қасди моддий қимматликларни эгаллашга қаратилган ва унда битим шартларини бажариш нияти бўлмаган ҳолларда, унинг ҳаракатлари фирибгарлик таркибини ташкил этади, олувчининг ҳаракатлари эса сотиб олиш тариқасидаги одам савдосига суиқасд сифатида квалификация қилиниши лозим.

Олиш-сотиш тариқасидаги одам савдосидан фарқли равишда, Жиноят кодексининг 135-моддасида назарда тутилган бошқа барча ҳоллар (ёллаш, ташиш топшириш, яшириш, қабул қилиш)да жиноий жавобгарлик юзага келишининг зарур шарти одамни эксплуатация қилишга қаратилган мақсад мавжудлиги ҳисобланади.

Одам меҳнат ва хизматларидан меҳнат, фуқаролик қонунчилиги нормаларига мувофиқ (масалан, қурилиш ёки маиший пудрат, хақ эвазига хизмат кўрсатиш, йўловчи ва юк ташиш, транспорт экспедицияси ва ҳ.к. шартномалар бўйича) фойдаланилган барча ҳолларда одам эксплуатацияси мавжуд бўлмайди. Бундай хуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаслик билан боғлиқ низолар фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида ҳал этилиши керак.

Одамни эксплуатация қилиш бошқа шахслар фоҳишабозлигидан фойдаланиш ёки бошқа кўринишдаги шаҳвоний эксплуатацияни, мажбурий меҳнат ёки хизматлар, қулллик ёки қулликка ўхшаш одатлар, эрксизлик ҳолати ёки одам аъзолари ёки тўқималари олинишини англатади.

Одам савдосига оид ишларни тергов қилиш ёки кўришда тергов органлари ва судлар қуйидаги тушунчаларни аниқ фарқлашлари лозим;

ёллаш деганда, эксплуатация қилиш мақсадида, одамни бирон-бир фаолият билан шуғулланишга жалб этишга қаратилган фаолият (эксплуатация объектини қидириш, тўплаш, у билан музокара юритиш ва ҳ.к) тушунилади;

ташиш – шахсни олиш-сотиш битими тузиладиган (ижро этиладиган), бошқа шахсга топшириладиган жойга ёки ундан эксплуатация мақсадида, фойдаланиладиган жойга етказиб бериш (транспортда ташиш)ни англатади. Бунда етказиб бериладиган шахс одам савдосини амалга ошириш учун мўлжалланганлиги ташувчига олдиндан маълум бўлиши лозим. Ташиш битта аҳоли пункти доирасида ҳам, Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиш билан боғлиқ тарзда ҳам амалга оширилиши мумкин;

топшириш – одамни бошқа шахсга эксплуатация қилиш мақсадида жисмоний тарзда беришда ифоадаланади;

яшириш – жабрланувчини ҳокимият вакилларидан, қариндошларидан ёки унинг тақдиридан манфаатдор бошқа шахслардан ҳар қандай жойда хифия сақлашда ифодаланади;

қабул қилиш – одамни ўз мақсадларида, эксплуатация қилиш учун эгаликка олиш (масалан, ҳадя тариқасида, вақтинча текин фойдаланиш учун ёки қарз эвазига ва ҳ.к)ни англатади, одамни сотиб олиш ҳоллари бундан мустасно.

Жиноят кодексининг 135-моддаси биринчи қисми диспозициясида назарда тутилган жиноят таркиби формал бўлиб, жиноят одамни олиш-сотиш битими тузилган пайтдан ёки қонуннинг мазкур моддасида кўрсатилган бошқа қилмиш содир этилган пайтдан тугалланган ҳисобланади. 

Бахтиёр Мамадаминов,

Жиноят ишлари бўйича

Янгиобод туман судининг раиси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар