Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » 1 ИЮЛДАН НИМАЛАР ЎЗГАРАДИ?

1 ИЮЛДАН НИМАЛАР ЎЗГАРАДИ?

26 июнь 2020 йил
675
0

1. Ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш тартиби соддалаштирилади

Ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати 67 тага кенгайтирилади.

Ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берган ҳолда махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади.

Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, БҲМнинг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди.

2. Кўп қаватли биноларни қурувчи ташкилотларга божхона имтиёзлари берилади.

2020 йил 1 июлдан 2023 йил 1 июлгача бўлган муддатда кўп қаватли монолит уй-жойлар қуриш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатга мувофиқ импорт қилинадиган бетон қуйиш қолиплари, бетон тайёрлаш машина ва механизмлари божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилади.

Божхона тўловларини тўловчилар 2020 йил 1 июлдан 2023 йил 1 июлгача бўлган муддатда импорт қилинадиган қурилиш соҳасида фойдаланиладиган машина ва механизмлар, технологик жиҳозлар, кичик механизация воситалари, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар бўйича божхона тўловларини (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) 120 кунгача кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқига эга бўлади.

3. Тошкент шаҳар ДХМда фуқаролар учун медиатор хизмати жорий этилади

Эксперимент тариқасида, Тошкент шаҳрида давлат хизматлари марказлари биноларида низолашувчи фуқароларга медиатор хизматидан фойдаланиш учун алоҳида хоналар ажратилади.

4. Кўп квартирали уй-жойларни қуриш жараёнида атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва ижтимоий бошқарув тизими жорий этилади

2020 йил 1 июлдан бошлаб:

• Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан уй-жойлар қуриш учун ерлар суғориладиган ерлар ва ўрмон фондига кирмайдиган ҳамда аҳолини мажбурий кўчириш хавфи бўлмаган тақдирда ажратилади;

• ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссия таркибига “Ўзгидромет” марказининг ҳудудий бўлинмалари вакиллари киритилади ҳамда уларнинг хулосаси олинади;

• қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойларни қуриш бўйича танлов савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорлар билан инвестиция шартномалари тузилади;

• уй-жойларни қуриш бўйича ажратилган ер массивлари (участкалари) ва локал оқова сув тозалаш иншоотларининг атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш хулосаси тайёрланади ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан давлат экологик экспертизаси хулосалари берилади;

• кўп квартирали уй-жойларни қуриш жараёнида халқаро молия институтлари талабларидан келиб чиқиб, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва ижтимоий бошқарув тизими жорий этилади.

5. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг маошига қўшимча устама берилади

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг лавозим маошига 30 фоиз қўшимча махсус устама тўланади.

6. Ноширлик фаолиятини лицензиялаш тартиби бекор қилинади

Ноширлик фаолиятини лицензиялаш ҳамда матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиблари бекор қилиниб, ноширлик ва матбаа фаолиятини бошлаганлиги ҳақида ваколатли давлат органини хабардор этиш тизими жорий қилинади.

7. Жавобгарлик белгиловчи ҳуқуқий нормалар фақатгина қонунлар билан ўрнатилади.

Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб:

  • хўжалик бошқаруви органлари ваколатига кирувчи масалалар ва корпоратив муносабатлар қонуности ҳужжатларини қабул қилиш ёки маъмурий усуллар орқали тартибга солиниши тақиқланади;
  • жисмоний ва юридик шахслар учун жавобгарлик белгиловчи ҳуқуқий нормалар фақатгина қонунлар билан белгиланади;
  • идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга жисмоний ва юридик шахслар учун қўшимча тўлов ва йиғимларни белгиловчи, ортиқча маъмурий ва бошқа чеклашларни назарда тутувчи, уларга асосланмаган харажатлар юзага келишига олиб келувчи, рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳуқуқий нормаларни киритишга йўл қўймайди;
  • техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳуқуқий нормалар киритишга йўл қўйилмайди;
  • техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар Адлия вазирлигидан мажбурий тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда концептуал жиҳатдан янги механизмларни яратишнинг “пакет” принципи жорий қилинади;
  • қонунчиликни тизимлаштириш ва ортиқча ҳуқуқий тартибга солишни камайтириш мақсадида 2020 йил 1 июлдан 2021 йил 1 январгача идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тўхтатилади (ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги, шунингдек, унификация қилишни назарда тутувчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш бундан мустасно).

8. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотларини эшитиш тартиби амалиётга татбиқ қилинади

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисларида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолияти бўйича, шунингдек, Ҳукумат аъзолари ва тармоқлар раҳбарларининг БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш, илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотларини мунтазам равишда эшитиш тартиби амалиётга татбиқ қилинади.

9. Қурилиш соҳасида назорат инспекциясига қўшимча ваколат берилади

Қурилиш соҳасида назорат инспекция ва ҳудудий инспекция бошлиқларига ҳуқуқбузарлик фактига эътироз билдирилган ҳолларда ишни кўриб чиқиш учун судга тақдим этиш тартибини сақлаб қолган ҳолда, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишига оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади.

10. Дори воситаларига нисбатан референт нарх шакллантириш тизими жорий этилади

Маҳаллий ва хорижий дори воситаларига нисбатан референт нарх шакллантириш тизими босқичма-босқич жорий этилади.

Унга кўра, аҳоли жон бошига нисбатан даромадлар даражаси юқори, ўртачадан юқорироқ ва ўртачадан пастроқ бўлган давлатлар гуруҳига кирувчи камида 10 та референт мамлакатлар танланади.

Дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқланишини ҳисобга олган ҳолда дори воситасининг ҳар бир савдо номи учун белгиланган энг юқори нархи қайд этилади. Бунда дори воситасини ушбу қийматдан юқори нархларда Ўзбекистонга етказиб бериш (импорт дори воситалари учун) ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан сотилиши (маҳаллий дори воситалари учун) мумкин эмас.

Шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар республиканинг барча тиббиёт ташкилотларида мажбурий тартибда дори воситаларининг халқаро патентланмаган номи бўйича рецепт ёзилиши тартиби жорий қилинади

Бундан ташқари, “Фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори” институти жорий этилади.

Ушбу институтнинг асосий вазифаларидан бири мулкчилик шаклидан қатъи назар, тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар томонидан рецептларни ёзиш ва дори воситаларининг савдо номи учун чекланган нархларни шакллантириш жараёнини тартибга солувчи қонунчилик талабларига риоя этилишини мониторинг қилиш ва баҳолаш ҳисобланади.

11. Барча туғруқни қабул қилиш муассасаларида туғилиш ва ўлим тўғрисида Электрон маълумотлар алмашинуви дастури юритилади

Мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар барча туғруқни қабул қилиш муассасаларида Электрон маълумотлар алмашинуви дастури юритилиши мажбурий ҳисобланади.

12. Шахсни ушлаб туриш ҳолатлари ягона электрон ҳисобга олиш тизимига киритилади

Ҳуқуқни чеклайдиган процессуал мажбурлов чораларини қўллаш, жумладан шахсни ушлаб туриш ҳолатлари ягона электрон ҳисобга олиш тизимига киритиб борилади.

13. Лойиҳа-қидирув ташкилотларининг электрон рейтинги жорий этилади

Солиқ ва статистика ҳисоботлари маълумотлари (иш тажрибаси, ходимлар, шу жумладан малакали мутахассислар сони, асосий воситалар ҳажми, олинган даромадлар ва тўланган солиқлар, иш ҳақи тўлаш фонди ва бошқа мезонлар) асосида автоматик тарзда шаклланадиган лойиҳа-қидирув ташкилотларининг электрон рейтинги жорий этилади.

14. Хусусий музейлар, бадиий галереялар ва ҳунармандчилик марказларига солиқ имтиёзлари берилади

2023 йил 1 июлга қадар нодавлат (хусусий) музейлар, бадиий галереялар ва ҳунармандчилик марказларининг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи, мол-мулк ва ер солиқлари ҳамда айланмадан олинадиган солиқ ставкалари белгиланган миқдорга нисбатан 50 фоизга камайтирилади.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар