26 июнь - халқаро гиёҳвандлик ва бангифурушликка қарши кураш куни.
БМТ Бош Ассамблеясининг 1987 йил 7 декабрда қабул қилган резолюциясига (42/112). биноан ҳар йили 26 июнда Халқаро гиёҳвандлик ва бангифурушликка қарши кураш куни (International Day against Drug Abuse and Illicit Trafficking) нишонланади. Ҳар йили ўтказилалдиган тадбирларга алохида ном берилади. Бу йилги шиор “Авваламбор эшитинг” деб номланган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, гиёҳванд моддаларнинг кенг тарқалиши бир қатор ижтимоий муаммоларга сабаб бўлади. Жумладан, демографик фожеаларни келтириб чиқаради, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда жиноятчилик кўзга ташланади. БМТнинг жиноятчилик ва гиёҳванд моддалар устидан назорат бошқармаси маълумотларига кўра, 2015 йилда гиёҳвандликка рўжу қўйганлар сўнгги дунёда 300 миллион кишидан ошиб кетди. Энг кўп истеъмол қилинадигани наша экани айтилади.
Жаҳонда қайд қилинадиган ўлимларнинг 43та сабабидан гиёҳвандлик оқибатида содир бўладиган ўлим 19 ўринда туради. Гиёҳвандликка қарши курашда илк бор бундан юз йиллар муқаддам ҳамкорлик қилина бошланди. 1909 йилнинг февраль ойида 13та давлат вакиллари Осиёда гиёҳванд моддалар етиштирилишига қарши кураш мақсадида Шанхайда тўпланишди. Ўшанда Шанхай комиссия ташкил этилгшан эди.
БМТ Бош Ассамблеясининг тан олишича, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, жаҳонда гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси муаммолигича қолмоқда. Бу муаммо ҳамон жиддий таҳдид сифатида кўрилади.
Маълумотларга кўра, 15 ёшдан 64 ёшгача бўлганлар орасида қайд этиладиган ўлимларнинг 1,3 фоизи гиёҳвандлик оқибатида юз берар экан. Бир йилда 211 мингта ўлим айнан гиёҳвандлик оқибатида келиб чиқади. Европада гиёҳвандлик оқибатида ҳалок бўлаётганларнинг ўртача ёши 35 ёшни ташкил қилади. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда гиёҳвандлик оқибатида 1,6 миллион киши ВИЧга мубтало бўлади. 7,2 миллион киши эса гепатит C вирусини юқтириб олади. 1,2 миллион киши гепатит B вирусига чалинади.
Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш билан боғлиқ хасталикларга учраганлар сони дунё бўйича 29 милион кишидан ортиб кетган. БМТ гиёҳвандлик ва жиноятчилик устидан назорат бошқармаси эълон қилган йиллик ҳисоботда қайд этилишича, "сўнгги 6 йилда илк маротаба бу борада номутаносиб ўсиш кузатилмоқда". Ҳужжатда таъкидланишича, сайёра катта ёшли аҳолисининг 5 фоизи, яъни 250 миллион киши, тақиқланган моддаларни камида бир марта истеъмол қилади. "Бундан ташқари, 12 миллион киши гиёҳванд моддаларни томиридан қабул қилади", - дейилади Ҳисоботда. Героин гиёҳвандлиги Шимолий Америка, Ғарбий ва Марказий Европада тобора авж олмоқда. Каннабис моддаси энг тақиқланган, аммо кенг тарқалган гиёҳванд моддаси бўлиб қолмоқда. Уни 2014 йилда 250 миллион кишидан 183 миллиони камида бир марта татиб кўрган. Шу билан бирга, БМТ бошқармаси, асосан Ғарб мамлакатларида марихуанадан фойдаланиш ҳоллари тобора ортиб бораётганидан хавотир билдирган.
Бангифурушлик ва гиёҳванд моддалар истеъмоли сўзсиз аҳоли соғлиғи ва жамоат хавфсизлигига тахдид сифатида кўрилади. Бир қатор мамлакатларда бу иллат жамиятнинг барқарор ривожланишига халақит бераётганидан асло кўз юмиб бўлмайди.
Жумладан, бангиларни даволаш учун катта миқдорда маблағлар сарфланади. Бу маблағлар давлат бюджетидан ажратилади. Мутахассислпрнинг хисоб китобларига қараганда, бугунги кунда ҳар олти гиёҳванднинг биттаси даволаниш имкониятига эга экан. Уларни даволаниши учун бир йилда ўртача 35 миллиард доллар сарфланади. Бангиларни даволаш учун ажратиладиган сарф-харажатлар ўз йўлига. Аммо уларнинг жамият хаётига таҳдид солишларини ҳам асло ёддан чиқариш керак эмас. Шу сабабли ҳам бангилар соғлиқни сақлаш тизимидан ташқари ижтимоий ҳаётга хам муаммо яратувчи сифатида тан олинади.
Бангиларнинг қурбони ҳар бир киши бўлиши мумкин. Гиёҳвандликка мубтало бўлиш нафақат бир шахснинг муаммоси балки, уларнинг оиласи, жамимят учун ҳам бош-оғриғидир.
Сўнгги йилларда жаҳон мамлакатларида гиёҳвандликка қарши кенг қамровли кураш олиб борилоқда. унинг учун турли тадбирлар ўтказилмоқда. Бунда ижтимоий рекламалардан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Энг муҳими соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш йўлида кўп ишлар амалга оширилмоқда.
Гиёҳвандликка қарши кураш доирасида гиёхванд моддаларни ноқонуний савдосига чек қўйиш ҳам асосий вазифалардан ҳисобланади. Трансмиллий гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашда халқаро хуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари, жумладан Интерпол, Европол, Жаҳон Божхона ташкилоти каби ташкилотлар ҳамкорликда фаолият юритишмоқда. Экспертларнинг фикрича, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдо айланмаси бир йилда 300 миллиард доллардан 800 миллиард долларни ташкил қилади.
Гиёҳванд моддалар савдоси ва уюшган жиноятчилик Осиё, Африка, Лотин Америкаси мамлакатларининг иқтисодий, сиёсий барқарорлигига катта хавф солмоқда.
Гиёҳвандлик замонавий ҳаётнинг энг хавфли кўринишларидан бири ҳисобланади. Ҳар куни гиёҳвандлик деб аталмиш қўрқинчли қармоққа минглаб одамлар тушиб қолмоқда.
Бугун гиёҳвандлик гирдобига мубтало бўлаётганларга қарата бир оғиз гап айтиш керак. Ҳаёт гўзал, яшаш яхши. Ҳар қандай муаммони ҳал қилиш мумкин. Шу сабабли ўзингизни чоҳга ташламанг. Агар сиз ўлим суюқлиги солинган шприцни қўлингизга олар экансиз, келажагингизни умрбод қоронғулик қаърига ташлашингизни унутманг. Унутманг қўлингизга гиёҳванд модда берилар экан, сиз йўқ деган қатьий сўзни айтинг. Шундагина тирик қоласиз.