Халқ депутатлари Янгиобод туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида Президент Мурожаатномасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди
Янгиобод тумани ҳокимлиги мажлислар залида жорий йилнинг 13 январь куни Халқ депутатлари Янгиобод туман Кенгашининг ўн саккизинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессия ишида Халқ депутатлри вилоят ва туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, секторлар, ташкилот ва муассасалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Сессия давомида депутатлар томонидан кун тартибидаги 2 та масала кўриб чиқилди.
Дастлаб, сессия кун тартибидаги биринчи масала юзасидан туман ҳокими И.Матиев сўз олиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатнома мазмун-моҳиятини тарғиб этиш ҳамда белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда, ҳудудий дастурларни тайёрлаш тўғрисида сўз юритар экан, - "Ўтган 2020 йилда биз ўз фаолиятимизни янгича бир таҳлил қилиш ҳамда кутилмаган, экстремал шароитларда ишлаш кўникмаларига эга бўлдик ва энг асосийси, аҳолимиз билан бирга оғир синовларни енгиб ўтдик, 2020 йил сўнгги кунларида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа, бу Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Олий Мажлисига йўллаган мурожаатномаси бўлди" - дея таъкидлади.
Шунингдек, ўғил-қизларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлашга устувор аҳамият қаратилиши, 2020-2021 йиллар давомида туманда ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига асосан тумандаги 855 нафар ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш, шу билан бирга, беш ташаббус тадбирлари доирасида ёшлар маънавиятини юксалтириш ишлари тизимли йўлга қўйилиши ҳамда эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш бўйича янги тизим жорий этилиши таъкидлаб ўтилди.
Шундан сўнг сессия кун тартибида иккинчи масала этиб белгиланган "Давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги масала депутатлар томонидан кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан халқ депетатлари туман Кенгаши депутатлари музокарага чиқиб, ўз таклиф ва фикрларини билдириб ўтдилар.
Сессия якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.
Янгиобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати