Ёшлар муаммолари раҳбарларнинг доимий эътиборида (Фото)
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 25 декабрдаги “Ёшлар форуми”даги нутқи ҳамда Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида ёшлар масаласи, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор вазифалар илгари сурилган эди.
Мазкур вазифалардан келиб чиқиб, юртимизда ёшларнинг таклиф ва истакларини ўрганиш юзасидан барча даражадаги раҳбарлар иштирокида ёшлар билан ишлашнинг “Маҳаллабай” тизими яратилди. Барча шаҳар ва туманлардар ёшлар билан учрашувлар ва очиқ мулоқотлар ташкил этилиб, ўғил-қизларнинг муаммолари, таклиф ва истакларини бевосита ўрганиш йўлга қўйилди.
Бугун Янгиобод туманида ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам уларнинг таълим, тадбиркорлик, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги муаммо ва таклифлари тегишли мутасадди раҳбарлар томонидан тингланди.
Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Асланов, ДХХ Зомин туманлараро бўлинмаси бошлиғи, Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи Д.Худайшукуров, туман ҳокимининг ўринбосарлари, секторлар, банк ходимлари ва тегишли бошқарма ва идоралар раҳбарлари ҳамда ёшлар иштирок этишди.
Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган учрашувда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Д.Мамадазимов сўз олиб, ёшлар муаммоларини ҳал этиш ҳамда уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида юртимизда, хусусан, Янгиобод туманида амалга оширилаётган янгиликлар ва олдинда турган истиқболли режалар хусусида тўхталди.
Шунингдек, учрашувга ташриф буюрган масъул идоралар раҳбарлари ҳам туманда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ўз фикр мулоҳазаларини билдириб, бугунги учрашувда ёшларнинг фаол бўлишга чақирдилар.
Очиқ ва самимий руҳда кечган учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар, янги ғоя ва ташаббуслар, ўзларини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан раҳбарларга тўғридан-тўғри мурожаат қилдилар.
Учрашув давомида 38 нафар ёшлар томонидан турли мазмундаги мурожаат ва таклифлар тингланди.
Хусусан, 19 нафар ёшлар томонидан ўз тадбиркорликларини йўлга қўйиш мақсадида кредит маблағлари ажратиш, 3 нафари бандлик масаласида, 1 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун ер майдони ажратиш, 2 нафари Бандликка кўмаклашиш марказлари маблағлари ҳисобидан субцидиялар ажратиш бўйича амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдилар. Яна бир нечта ёшлар эса тумандаги мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан ўз таклиф ва ташаббусларини билдирдилар.
Ёшлар томонидан билдирилган масалалар раҳбарлар томонидан муҳокама этилди ва уларнинг баъзиларига шу ернинг ўзида ечим топилган бўлса, айримларининг ижобий ечими юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Тадбир доирасида Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус юзасидан китоблар ярмаркаси, ёшларнинг спорт соҳасида қўлга киритган натижалари, бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳамда маданият ва санъат кўргазмалари намойиш этилди.
Янгиобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати