Президент: Хорижий тилларни ўргатиш бўйича келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган янги тизимни йўлга қўйиш вақти-соати келди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 6 май куни чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Мамлакатимизда ҳар йили илм-фаннинг бир нечта йўналиши танлаб олиниб, алоҳида эътибор билан ривожлантирилмоқда. Бу йил физика ва чет тиллари ана шундай устувор соҳалар этиб белгиланган.
Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати, дунё бозорига фаол кириб бораётгани, барча соҳаларда халқаро ҳамкорлик кенгаяётгани хорижий тилларни билишга эҳтиёжни оширмоқда.
Бугунги кунда юртимиздаги 25 та олий таълим муассасасида ўқитиш чет тилида олиб борилмоқда. 2016 йилда улар атиги 7 та эди. Халқаро тил сертификати олган битирувчи ўқувчилар сони охирги 3 йилда 10 бараварга ошган.
Жорий йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 350 нафар талабанинг нуфузли хорижий университетларда ўқиши учун стипендиялар ажратилди. Бу ўтган йилларга нисбатан 5 баравар кўпдир.
Лекин, жойлардаги аҳвол мақсад қилинган катта режаларга мос эмас. Хусусан, таълим тизимида 2 мингдан ортиқ чет тили ўқитувчиси лавозими вакант бўлиб қолмоқда. 1 минг 400 та мактабда чет тилини ўқитиш сифати мутлақо қониқарсиз. Бу тизимдаги ўқитувчиларнинг атиги 4 фоизи миллий ва халқаро тил сертификатига эга. Хонобод ва Қувасой шаҳарлари, Зафаробод, Миришкор, Тўрткўл, Шеробод ва Узун туманларида бундай сертификатли бирорта ўқитувчи йўқ. Мактаблардаги чет тили ўқитувчиларининг 49 фоизи тестдан ўта олмаган.
Йиғилишда тизимдаги муаммолар атрофлича таҳлил қилиниб, устувор вазифалар белгиланди.
– Мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатиш бўйича келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган янги тизимни йўлга қўйиш вақти-соати келди. Биз рақобатдош давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, бундан буён мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юрти битирувчилари камида 2 та чет тилини мукаммал билишлари шарт. Бу қатъий талаб ҳар бир таълим муассасаси раҳбари фаолиятининг асосий мезонига айланиши лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилиши маълум қилинди.
Бу Агентлик дунёда самарали натижа берган ўқитиш методикалари, дастур ва дарсликларини таълим тизимида жорий этиб, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштиришга кўмаклашади. Таълим муассасалари, тармоқлар ва ҳудудларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, камида 10 та чет тилини ўргатишни ташкиллаштиради.
Шунингдек, вазирлик, идора ва бошқа иш берувчилар билан бирга, хизматчиларнинг касбий фаолиятини хорижий тилларда тўлиқ амалга ошириш имкониятини берадиган методикаларни ишлаб чиқиб, шароитга мослаган ҳолда, амалиётга жорий этади.
Давлат тилидан хорижий тилларга ва хорижий тиллардан давлат тилига профессионал таржима қилиш методикаларини яратиш ҳам унинг асосий вазифаларидан бири бўлади.
Агентлик хорижий тилларни билиш рейтингини ҳам юритади. Чет тили ўқитувчилари учун малака талаблари ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқади ҳамда малака тоифаларини беради.
Бир сўз билан айтганда, Агентлик “боғча – мактаб – олий таълим – корхона” занжири орқали, аҳолининг барча қатламига мос бўлган методика, тавсия ва дарсликларни ишлаб чиқади ҳамда жорий этади.
Тошкент давлат жаҳон тиллари ва Шарқшунослик университетлари, Самарқанд чет тиллари институти билан бир қаторда, ҳар бир вилоятда биттадан университет чет тиллари бўйича таянч муассаса сифатида белгиланади.
Давлатимиз раҳбари ўқитувчиларга муносиб шароит яратиш, малакасига қараб уларни рағбатлантириш зарурлигини таъкидлади.
Халқаро сертификатнинг дастлабки ва ўрта даражасини олган ўқитувчиларнинг ойлик маошига 40 фоиз, юқори натижа кўрсатганларга 50 фоиз устама берилиши белгиланди.
Бундан ташқари, юқори балл олган ўқитувчиларга халқаро сертификат олиш учун тест топшириш харажатлари қоплаб берилади. Келгуси йилдан бошлаб, ишга қабул қилинаётган чет тили ўқитувчиларига миллий ва халқаро сертификатга эга бўлиш талаби киритилади.
Кейинги уч йил давомида мактаблардаги 53 минг нафар чет тили ўқитувчиларининг барчаси халқаро сертификат олиши зарурлиги таъкидланди. Яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, мактаблардаги вакант ўринларни малакали мутахассислар билан тўлдириш вазифаси қўйилди.
Чет тилларини чуқур ўргатиш мақсадида туман ва шаҳарларда 207 та мактаб танлаб олинди. Ушбу мактабларда хорижий китоблар, илғор ўқув дастурлари ва методикаларидан эркин фойдаланиш ҳамда фанларни чет тилида ўқитиш йўлга қўйилади.
Вилоят ҳокимликларига мактабларда чет тилини ўқитиш сифатини ошириш учун маҳаллий бюджетдан ҳар бир туман ва шаҳарга 1 миллиард сўмдан маблағ ажратишга кўрсатма берилди.
Ихтисослашган мактаблар ва олий ўқув юртларига тил эгаси бўлган хорижлик ўқитувчиларни жалб қилиш, ҳар бир туманда танлов ўтказиб, чет тили ўқитувчиларини хорижда малака оширишини йўлга қўйиш муҳимлиги айтилди.
Давлатимиз раҳбари чет тиллари бўйича энг яхши мактабларни аниқлаш учун Президент совринини таъсис этиш таклифини билдирди.
Бунда туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасида танлов ўтказилади. Туман ва шаҳар босқичида 1-ўринни олган мактаблар 100 миллион сўмдан, вилоят босқичи ғолиблари 250 миллион сўмдан, мамлакатимиз миқёсидаги энг яхши мактаб эса 500 миллион сўм миқдорида мукофотланади. Иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари ҳам мос равишда рағбатлантирилади. Ушбу мактабларнинг директор ва ўқитувчилари давлат мукофотларига тавсия этилади.
Ўқитиш сифати халқаро андозаларга мос дарслик ва методик қўлланмаларга ҳам боғлиқ. Шу боис, инглиз тили бўйича Кэмбриж университети нашриёти дарсликларини 200 та мактабда апробациядан ўтказиб, кейинги йилдан барча мактабларда татбиқ этиш вазифаси қўйилди. Бундай ишлар рус, немис, корейс, хитой ва француз тиллари бўйича ҳам ташкил этилади.
Соҳадаги ўзгаришлардан хабардор бўлиб боришлари, янги адабиёт ва қўлланмалар сотиб олишлари учун ҳар бир чет тили ўқитувчисига бюджетдан 1 миллион сўмдан маблағ ажратилиши белгиланди.
Мактабгача таълим вазирлигига ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда 7 ёшгача бўлган болаларга чет тилларини ўқитиш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқиб, жорий этиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда олий таълим тизимида мутахассислар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Бугунги кунда олийгоҳлардаги 78 фоиз профессор-ўқитувчиларнинг чет тилини билиш даражаси қониқарсиз аҳволда экани кўрсатиб ўтилди.
Янги ўқув йилидан бошлаб, чет тиллари бўйича қабул квоталари сони 2 баравар кўпайтирилиб, 16 мингтага етказилиши, давлат гранти эса 3 бараварга оширилиши таъкидланди.
Шу билан бирга, келгуси йилдан бошлаб, магистратура ва докторантурага кирувчилар учун чет тили бўйича халқаро сертификатга эга бўлиш талаби киритилади. Олий ўқув юртларида мутахассислик фанларини хорижий тилларда ўқитиш босқичма-босқич жорий этилади. Табиий ва техник фанлар бўйича хорижий дарслик ва қўлланмалардан эркин фойдаланиш йўлга қўйилади.
Чет тилини ўқитишнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижий докторантурада таълим олиш учун йилига 20 та ўрин ажратилади.
Британия кенгаши, Гёте институти, Француз альянси, KOIKA, JICA, Конфуций институти каби хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш, нодавлат ўқув марказларини кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Ҳар бир вазирлик, идора, давлат компаниялари ва йирик хусусий корхоналарда тил ўрганишни қўллаб-қувватлаш, ҳафтанинг бир кунини белгилаб, хорижий тилларни ўрганиш учун шароит яратиш зарурлиги таъкидланди.
Тил ўргатувчи видеодарслар, фильм ва кўрсатувлар яратиш, электрон дастурлар ишлаб чиқиш бўйича ҳам топшириқлар берилди.
Видеоселектор йиғилишида мутасадди раҳбарлар ва ўқитувчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.