Янгиободда ишсиз ёшларнинг қизиқиш ва имкониятлари ўрганилиб, тадбиркорликка йўналтирилмоқда
Янгиобод туманида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тумандаги 4 сектор ҳудудидаги Сармич маҳалла фуқаролар йиғинида маҳаллабай тизими асосида аҳолининг турмуш тарзи, қизиқиш ва имкониятлари ўрганилиб, уларни тадбиркорликка йўналтириш борасида чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, Юқори Сармич қишлоғида яшовчи Шахзод Носиров хонадони маҳаллабай ўрганилганида унинг ишсизлиги аниқланиб, "Ёшлар дафтари"га киритилган эди. Ўрганишлар давомида Шахзод Носировнинг чорвачиликка қизиқиши бориги аниқланди ва унга имтиёзли банк кредити ажратилди. 5 ярим минг АҚШ доллари миқдорида имтиёзли банк кредитига эга бўлган ёш тадбиркор 4 бош наслли қора мол олиб келиб, чорва парвариши билан шуғулланди ва ўзини-ўзи банд қилди. "Келажакда наслли чорвачиликни ривожлантириб, яна кўплаб иш ўринлари яратиш ниятим бор" - дейди ёш тадбиркор Шахзод Носиров.