Оталикни белгилаш ва алимент ундириш ҳақида
Мамлакатимизда истиқлол йилларида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мажмуасида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтириш борасида амалга ошириб келинаётган ишлар алоҳида муҳим ўрин эгаллайди.
Юртимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан ва маънавий баркамол қилиб тарбиялаш масаласига мамлакат истиқболини белгиловчи устувор йўналишлардан бири сифатида қаралиб, қатор ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни давлат томонидан муҳофаза қилиниши кафолатланган.
Бугунги кунда, судларда оталикни белгилаш ва вояга етмаган фарзандлар таъминоти учун алимент ундириш билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича фуқаролик низолари анча кўпайган.
Бизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 61-моддасига кўра, боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг оталиги ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс ва онанинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органига биргаликда топширган аризасига биноан белгиланади. Она вафот этганда, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганда, онанинг қаердалигини аниқлаш имконияти бўлмаганда ёки у оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда, оталик васийлик ва ҳомийлик органи билан келишилган ҳолда ўзини боланинг отаси деб тан олаётган шахснинг аризасига биноан белгиланади. Боланинг отаси суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, оталикни белгилаш тўғрисидаги аризани унинг номидан васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан унинг ҳомийси бериши мумкин. Оталикни белгилаш тўғрисидаги ариза боланинг туғилганлигини қайд этиш вақтида, шунингдек бола туғилганлиги қайд этилгандан кейин ҳам берилиши мумкин. Агар оталикни белгилаш тўғрисида бола туғилгандан сўнг эр-хотин биргаликда ариза беришининг имкони бўлмай қолиши ёки мушкул бўлишини кўрсатувчи асослар мавжуд бўлса, туғилажак боланинг ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онаси шундай аризани она ҳомиладорлик вақтида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига беришга ҳақли. Оталикни белгилаш рад этилганда, ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс суд тартибида шикоят қилиши мумкин.
Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, юқорида кўрсатилган ҳолларда оталик суд тартибида белгиланиши мумкин. Оталикни суд тартибида белгилаш ота-онадан бирининг ёки боланинг васийси (ҳомийси)нинг ёхуд бола кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахснинг аризасига, шунингдек бола вояга етганидан кейин унинг ўзи берган аризага мувофиқ амалга оширилади. Оталикни белгилаётганда суд боланинг онаси бола туғилишига қадар жавобгар билан бирга яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлиги ёки улар болани биргаликда тарбиялаганликлари ёхуд таъминлаб турганликларини ёки жавобгарнинг оталикни тан олганлигини аниқ тасдиқловчи бошқа далилларни эътиборга олади. Боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган, лекин ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс вафот этган тақдирда унинг оталик факти суд томонидан белгиланиши мумкин. Оталикни белгилаш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин суд шу қарор нусхасини бола туғилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборади.
Оила қонунчилигига биноан ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади. Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.
Алимент ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадидан бир бола учун — тўртдан бир қисми, икки бола учун – учдан бир қисми, уч ва ундан ортиқ бола учун — ярми миқдорида ундирилади.
Вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Алимент ундириш ота-она учун маъқул бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар болаларнинг керакли тарбия ва таъминот олишлари, соғлом улғайишлари учун зарур чора-тадбирлардан бири ҳисобланади.
Ж.Х.Эсанов,
Фуқаролик ишлари бўйича
Зарбдор туманлараро судининг раиси