Янгиобод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоев маҳалла ва қишлоқларда очиқ мулоқотлар ўтказди
Бугун Янгиобод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоев Сармич МФЙга қарашли Пастки Сармич, Юқори Сармич, Жўлангар ва Искандар қишлоқларини айланиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказди.
Унда Президент халқ қабулхонаси мудири, ҳоким ёрдамчилари ҳамда тегишли ташкилот раҳбарлари ҳам иштирок этдилар.
Туман раҳбари маҳалла аҳолисига юзланар экан, дастлаб ҳудудларда аҳоли фаровонлиги ва уларнинг муносиб турмуш шароитларда яшашини таъминлаш - ўз кун тартибидаги энг муҳим масала эканини таъкидлаб, маҳаллаларда олиб борилаётган янгиланишлар, ташкил этилиши режалаштирилаётган янги иш ўринлари ва шу каби яқин истиқболдаги режалар хусусида айтиб ўтди.
Хусусан, аҳоли ва ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни оилавий тадбиркорликка жалб этиш, жумладан, хонадонларда узумчиликни ривожлантириш ва бу соҳада яратилаётган имкониятлар хусусида суҳбатлашди.
Шунингдек, учрашувлар давомида аҳолининг мурожаат ва таклифлари ҳам тингланиб, улар юзасидан тегишли масъулларга кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди ва ижроси туман раҳбари томонидан назоратга олинди.
Янгиобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати