Ўзгалар парваришига муҳтож 18 ёшгача бўлган фарзанднинг қаровчисига қандай имтиёзлар бор?
Савол: Мени қарамоғимда ногирон фарзандим бор. Ўзгалар қаровисиз мустақил ҳаракатлана олмайди. Мен доимий ногиронга қараганлигим учун давлат ташкилотида ишлаб, қўшимча даромад қилиш имкониятим йўқ. Болаликдан ногиронлиги бор фарзандларнинг қаровчиларига қандай имтиёзлар бор.
Жавоб: (Пенсия жамғармаси Янгиобод туман бўлими Пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни тайинлаш ҳамда тўлашни ташкил этиш шубаси мудири Д.Исроилов)
“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 37-моддаси “д” бандида I гуруҳ ногиронига ёки 18 ёшгача бўлган ногирон болага, шунингдек ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган (даволаш муассасасининг хулосасига кўра) 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турилган вақт меҳнат стажи сифатида олиниши белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари 17.02.2022 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-74-сонли Фармони қабул қилинди. Ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, доимий парваришга муҳтож бўлган болаларни парваришлаётган оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга оширишда янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида 2022 йил 1 апрелдан бошлаб меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ҳамда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 440 000 сўмдан 622 000 сўмгача оширилди.
Ушбу фармоннинг иловасида кўрсатилган касалликларга чалинган 18 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган, ўзгалар парваришига мухтож бўлган болаларнинг қонуний вакилларига 2022 йил 1 апрелдан бошлаб ҳар ойда 500 000 сўм миқдорида нафақа тўлови жорий этилди. Парваришлаш нафақаси фуқароларнинг Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига қилган мурожаатлари асосида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тайинланади ва тўланади.
Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача болаларнинг касалликлари рўйхати билан қуйида танишинг:
Онлайн: royxat.doc