Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Ўғирлик жинояти тушунчаси ва жазо чоралари

Ўғирлик жинояти тушунчаси ва жазо чоралари

28 июнь 2022 йил
2 235
0

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ, мамлакат иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир, унга нисбатан қилинган ҳар қандай тажовуз қонунга зид деб топилади.

Талон-тарож қилиш-бу бировнинг мулкини ўзининг ёки бошқа шахсларнинг фойдаси учун, мулкдорга ёки ушбу мулкнинг бошқа эгасига зарар келтириб, қонунга хилоф равишда, бепул олиб қўйишда ифодаланади.

Суд –тергов амалиётида талон-тарожнинг энг кўп тарқалган шаклларидан бири бу-ўғирликдир. Бунга сабаб, аввало, тергов амалиётида ўғирликни очиш фоизларининг унчалик катта эмаслиги бўлса керак, чунки ўғирлик яширин равишда содир этилади, бу эса, жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини анча оширади, унинг очилишини қийинлаштиради.

Жабрланувчининг ёки бошқаларнинг йўқлигида ёки улар бор бўлса-да, уларга билдирмасдан ўзганинг мол-мулкини яширин талон-торож қилиш ўғирлик ҳисобланади. Бордию жабрланувчи ёки бошқалар мол-мулкининг олинаётганлигини кўрган бўлса-да, лекин айбдор билдирмасдан ҳаракат қиляпман деб ўйлаган бўлса, бундай қилмишни ҳам ўғирлик деб тавсифлаш лозим.

Яширин равишда деганда, мулк эгаси ёки мулк ишониб топширилган ёки ихтиёрида турган шахсга сездирмасдан, улар йўқ вақтда ёхуд мулкдор ёки бошқа шахслар мулкнинг талон-тарож қилинаётганини тушунмаган вақтда содир этилиши тушунилади.

Ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш би­лан бошланган, лекин жабрланувчи ёки бошқа шахслар томонидан сезиб қолинганига қарамасдан айбдор томонидан мулкка эгалик қилиш мақсадида уларнинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб қилинган ҳаракатлар талончилик деб, ҳужум қилиб ҳаёти ёки соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатганда ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитганда эса босқинчилик деб тавсифланади.

Зўрлик ишлатиш ҳаракатлари айбдор томонидан ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиши тугагандан кейин қўлга тушишдан қутулиш мақсадида содир этилган бўлса, бундай ҳаракат талончилик ёки босқинчилик деб қаралмайди. Зўрлик ишлатишнинг хусусияти ва келиб чиққан оқибатларга қараб қилмишни ўғирлик деб, бошқа жиноятларнинг белгилари бўлганда жиноятлар мажмуи бўйича тавсифлаш лозим.

Айбдор томонидан содир этилаётган воқеани тушуниб етиш қобилиятига эга бўлмаган (масалан, ёши жуда кичиклар, руҳий жиҳатдан ақли норасолар, алкоголдан ёки наркотик моддалардан кучли мастлик даражасида бўлган ёки ухлаб қолган) шахсларнинг мулкини ўғирлаш ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш деб тавсифланиши керак.

Жабрланувчининг эгнида бўлган кийим-кечаги, қўлидаги ёки бевосита ёнида бўлган сумка, чамадон ва бошқа анжомларидан содир этилган яширин талон-торож қилиш киссавурлик деб ҳисобланади.

Айбдор, жабрланувчи ва бошқаларнинг кўз олдида ўзганинг мулкини эгаллаб олаётганлигини ва улар унинг ҳаракатларининг жиноий хусусиятини тушунганлигини англаганда, ўзганинг мулкини ошкора талон-торож қилиш талончилик ҳисобланади.

Ўзгалар мулкини талончилик ва ўғрилик билан эгаллаган ва айбдор бу мулкдан ўз хоҳишича фойдаланиш ёки уни ишлатиш имкониятига эга бўлган вақтдан бошлаб, босқинчилик эса жабрланувчининг ҳаёт ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш ёки шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб ҳужум бошланган вақтдан бошлаб, тугалланган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси асосан ўғирлик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш- базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача жарима, 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари, икки йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликни маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Шунингдек, ўғирлик жинояти; а) жабрланувчининг кийими, сумкаси ёки бошқа қўл юкидаги ашёга нисбатан (киссавурлик), б) анча миқдорда, в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, г) уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб содир этилган бўлса, - базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача жарима, икки йилдан уч йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Шунингдек, ушбу жиноят: а) такроран ёки хавфли рецидивист (илгари ўғирлик жиноят учун судланиб, яна ўғирлик содир этган) томонидан,
б) компьютер тизимига рухсатсиз кириб, в) кўп миқдорда, г) нефть қувурларида, газ қувурларида, нефть ва газ маҳсулотлари қувурларида содир этилганда- беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Ўғирлик жинояти – а) жуда кўп миқдорда, б) ўта хавфли рецидивист томонидан, в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилганда саккиз йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

14 ёшга тўлган ақли расо жисмоний шахс ушбу жиноятнинг субъекти ҳисобланади.

И.Карабаев,

Жиноят ишлари бўйича Янгиобод туман судининг раиси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар