Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЙИРИК СИЁСИЙ МУВАФФАҚИЯТИ

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЙИРИК СИЁСИЙ МУВАФФАҚИЯТИ

15 сентябрь 2022 йил
310
0

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали концептуал мақоласи ШҲТ саммити олдидан муҳим воқеалик бўлди.
Ўзбекистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанддаги саммити жуда мураккаб, шу билан бирга, жуда муҳим пайтда бўлиб ўтади. Дунё пандемия чекловларидан чарчаган ва уч йилдан буён мамлакатларнинг бир-бирига бўлган ишончини тиклайдиган ва белгиланган халқаро ҳуқуқ тизимининг қулашига йўл қўймайдиган ҳар қандай муҳим, ижобий глобал ўзгаришларни кутмоқда. Шундай шароитда ШҲТ тобора фаол, шунингдек, минтақавий ва субминтақавий миқёсдаги қарорларини шакллантириш ва амалга оширишга қодир нуфузли ташкилотга айланмоқда.
Шу маънода айтиш мумкинки, ШҲТ ушбу ташкилотни барқарор ва истиқболли қиладиган консолидациялашган нуқтаи назар ва кун тартибига эга. Президент Шавкат Мирзиёев ўз мақоласида таъкидлаганидек, “ШҲТга аъзо барча давлатлар бизнинг энг яқин қўшниларимиз, дўстларимиз ва стратегик шерикларимиздир”.
Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг обрўси нафақат минтақада, балки бутун дунёда ўсиб бормоқда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат ташқи сиёсатини ўзгартиришдаги роли тўла эътироф этилган. Бу Ўзбекистоннинг кўп томонлама ҳамкорлик институтлари, хусусан, ШҲТ доирасидаги ўрнига ҳам дахлдордир. Мақолада Ўзбекистон раҳбари қайд этганидек, бугун биз яшаётган, жараёнлар ўзаро чамбарчас боғланган дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли – конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликдир. Самарқанд саммити Ўзбекистоннинг йирик сиёсий муваффақиятига айланади, деб қатъий ишонч билан айтиш мумкин.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилиш ва Ўзбекистон Президенти томонидан ушбу тузилма доирасида илгари сурилган устувор вазифаларнинг амалга оширилиши ҳақиқатан ҳам жаҳон миқёсида ишонч ва геосиёсий қарама-қаршиликлар инқирози кучайиб бораётган бугунги мураккаб даврда ШҲтнинг нуфузи ва мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Президентимизнинг концептуал мақоласида айнан шу масалаларга, шунингдек, глобал тенденцияларни чуқур таҳлил қилишга, янги муаммолар ва имкониятлар билан ўзаро боғлиқ дунёда ШҲТнинг халқаро муаммолар спиралидаги ролини баҳолашга ҳам катта эътибор қаратилган.
Ўзбекистон раҳбари “Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади”, деган шиорни эълон қилгани ҳолда, республиканинг ташкилотга раислиги моҳиятини очиб берган. ШҲТ маконидаги давлатларнинг юксак инсоний, интеллектуал ва технологик салоҳиятга, жадал ривожланаётган иқтисодиётларга ва ҳали тўлақонли фойдаланилмаган табиий захираларга эга экани ташкилотнинг иқтисодий аҳамиятини янада оширишга хизмат қилиши ҳам асосли равишда қайд этилган. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги даври юксак савияда ўтди ва "Самарқанд руҳи" ҳамкорлик, ўзаро англашув ва дўстлик ривожланишига хизмат қилади.
ШҲТнинг навбатдаги саммити айнан Самарқандда ўтказилишида чуқур рамзий маъно бор. Чунки Самарқанд ўрта асрлардаёқ илм-фан, таълим, санъат ва маданият ўчоғи, савдо-иқтисодий алоқаларнинг муҳим кесишган нуқтаси бўлган. Ушбу шаҳар кўплаб тарихий, йирик ижтимоий-сиёсий жараёнларга гувоҳ бўлган. Шу маънода айтиш мумкинки, Самарқанднинг бой тарихий мероси бугун ШҲТнинг навбатдаги саммити фонида янги тўлқинга эга бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ ва мақбул йўл – бу самарали халқаро ҳамкорлик эканлигини таъкидлаган ҳолда, “муваффақиятли минтақавий ҳамкорлик модели”ни эътироф этди. Ушбу модел негизида улкан географик маконни қамраб олган ва сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган, дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот ҳисобланган ШҲТ ҳамжамияти турибди. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг муваффақият гарови эса минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни илгари суриши ҳисобланади. Шу сабабли ШҲТ фаолиятига қўшилиш истагидаги давлатлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан юритилаёган ташқи сиёсат туфайли Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти нигоҳида ўзгача – очиқ сиёсатга асосланувчи янгиланган ва жадал ривожланаётган қиёфада намоён бўлмоқда, айни пайтда, муваффақият билан амалга оширилган муҳим ташқи сиёсий ташаббуслар натижаси ўлароқ халқаро майдонда кенг миқёсдаги юксак натижаларга эришмоқда. Ўзбекистон жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари ва йирик халқаро ташкилотлари билан турли соҳаларда ҳамкорлик қилиб келмоқда ҳамда унинг фаолияти доирасидаги географик ҳудуди, кўлами янада кенгайиб бормоқда.
ШҲТнинг юқори минбаридан Ўзбекистон бугун дунёни ташвишга солаётган долзарб масалалар бўйича нафақат муносабат билдирувчи, балки уларнинг ечими бўйича аниқ таклиф бераётган давлат сифатида ўзини намоён қилмоқда. Ўзбекистон раҳбари томонидан нафақат Ўзбекистон раислик қилаётган даврда, балки ШҲТнинг сўнгги беш йилда ўтган саммитларида Марказий Осиё ва ташкилотга аъзо давлатлар хавфсизлигини таъминлаш, транспорт-логистика, савдо-иқтисодий, маданият, туризм, инновация, ёшларни қўллаб-қувватлаш каби йўналишларда 50 дан ортиқ таклиф ва ташаббуслар илгари сурилиши Ўзбекистоннинг муҳим халқаро ташаббуслар ижодкорига айланиб бораётганидан далолат.
Шу тариқа Ўзбекистон ҳамда ШҲТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муваффақият билан равнақ топмоқда. Бундан кейин ҳам Ўзбекистон Республикасининг жаҳондаги йирик халқаро минтақавий ташкилот ШҲТ билан муносабатлари тенглик ва манфаатли шериклик асосида ривожланиб бораверади.
Муқаддас Ўрозалиева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси ҳамда
ЎзХДП фракцияси аъзоси.
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар