Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш оқибатлари
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддаси биринчи қисмига кўра;
Моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун судининг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик,-
ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.
Агар шахс маъмурий жазо қўлланилганидан кейин судининг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаса Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 122-моддаси 1-қисми билан жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.
Қонун санкциясига кўра, ушбу ҳаракат учун шахс икки йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса,-
Икки йилдан уч йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш қилиш билан жазоланади.
Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 29-моддасининг иккинчи қисмига кўра, маъмурий қамоққа олиш чораси ҳомиладор аёлларга, уч ёшгача боласи бўлган аёлларга, ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахсларга, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга қўлланилиши мумкин эмас.
Жиноят қонунига кўра, шахснинг илгари ҳукм қилинган жиноятига ўхшаш жиноятни қасддан содир этиши хавфли рецидив жиноят деб топилади.
И.Карабаев,
жиноят ишлари бўйича
Янгиобод туман судининг раиси