Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров иштирокида сайёр қабул бўлиб ўтди
Бугун Янгиобод туманида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров иштирокида сайёр қабул бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокими Иброҳим Қаршибоев, ҳоким ўринбосарлари, сектор масъуллари, тегишли корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари, аҳоли, хусусан хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этишди.
Учрашув давомида фуқароларни қийнаб келаётган масалалар, муаммо ва таклифлар тингланиб, уларни ҳал этиш чоралари белгилаб олинди.
Тадбир давомида 3 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга печлар, Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган 4 нафар шахсга фуқароликни тасдиқловчи ID карталар, "Ёшлар дафтари" рўйхатида турган 5 нафар ёшларга моддий ёрдам ва олий таълим учун шартнома тўловлари ўтказилганлиги тўғрисидаги сертификатлар топширилди.
Шунингдек, фаол ва ташаббускор ёшлар вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Бўлиб ўтган мулоқотда аҳоли ўзларини қийнаб келаётган қатор муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам сўрашди. Хусусан, саломатлигини тиклаш, жарроҳлик амалиёти, кредит маблағи ажратилиши, моддий ёрдам, шартнома пулини тўлаш, эски мактабгача таълим ташкилоти биносини таъмирлаш, йўлни асфалът қилиш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш каби масалалар баён этилди. Шу билан бирга туман халқ таълими бўлимига бино ажратиш, йўл қурилиши корхонасини махсус техникалар билан таъминлаш бўйича мурожаатлар масъуллар иштирокида муҳокама қилиниб, ижроси бўйича мутасаддиларга вазифалар юклатилди.
3- сектор раҳбарининг Янгиобод туманида ўтказган сайёр қабулида 20 га яқин масала кўтарилиб, мазкур муаммоларга мутасаддилар эътибори қаратилди. Тадбир давомида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, масалаларни жойида ечиш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш юзасидан зарур чоралар белгиланди.