Янгиободда 14 январь - "Ватан ҳимоячилари куни"га бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди
Бугун Янгиобод туманидаги 19-сонли мусиқа ва санъат мактабида 14-январь - Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Қуролли кучларимиз ташкил этилганининг 31 йиллиги муносабати билан байрам тадбир ташкил этилди.
Тадбир аввалида туман ҳокими Иброҳим Қаршибоев барчани бугунги қутлуғ сана билан табриклаб, ёш авлод учун ўз фидоийлиги билан ибрат мактаби яратаётган мард ва жасур посбонларимизнинг шарафли фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилади.
Шунингдек, Қуролли Кучларимизнинг шонли 31 йил давомида мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир бўлган, замонавий, ҳар томонлама яхши қуролланган, ҳеч кимдан кам бўлмаган миллий армиямизни шакллантириш бўйича амалга оширилган ишларга ҳам тўхталиб ўтди.
Тадбир давомида тумандаги чегара қўриқлаш взводларида хизмат қилаётган бир гуруҳ ҳарбийларга фахрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Байрам тадбири шоир ва ижодкорларнинг Ватанни мадҳ этувчи шеърлари ҳамда туман маданият бўлими санъаткорларининг қалбларга жўшқин кайфият улашувчи куй-қўшиқлари билан кўтаринки руҳда давом этди.