Янгиобод тумани ҳокими Учтургон қишлоғида аҳоли ва ёшлар билан учрашув ўтказди
Янгиобод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоев фуқароларнинг мурожаат ва таклифларини тинглаш, қўллаб-қувватлаш ва амалий ёрдам бериш, шунингдек, ҳудудни ривожлантириш йўлидаги галдаги режалар хусусида фуқаролар билан фикр алмашиш мақсадида туманнинг Ҳавотоғ ҚФЙ, Учтургон қишлоғида аҳоли ва ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Унда туман ҳокими ўринбосарлари, маҳалла масъуллари, тегишли корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари ҳамда аҳоли ва ёшлар иштирок этишди.
Учрашувда туман ҳокими дастлаб туманда амалга оширилаётган ўзгаришлар, ташкил этилаётган янги иш ўринлари, аҳоли ва ёшлар учун яратилаётган шароитлар ва янги имкониятлар, шунингдек, аҳоли турмуш шароитларини янада яхшилаш борасида яқин истиқболдаги режалар хусусида тўхталиб ўтди.
Шу билан бирга, бугунги кунда аҳоли ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга доир янги имтиёзлар, банк кредитлари бўйича янгиликлар, умумтаълим мактабларида ўқувчиларга касб ўргатиш амалиётини жорий этиш, бандликни таъминлаш мақсадида ижара шартномаси асосида аҳолига ер ажратиш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш ва унинг афзалликлари, жорий йилда маҳалла инфратузилмасини яхшилаш бўйича қилинадиган ишлар ҳамда шу каби янгиликлар юзасидан аҳоли ва ёшларга тушунтиришлар берилди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот давомида аҳолининг мурожаат ва таклифлари ҳам тингланиб, уларнинг ижобий ечими юзасидан масъулларга топшириқлар берилди ва туман ҳокими томонидан назоратга олинди.
Ташриф доирасида туман ҳокими қишлоқдаги 9-умумтаълим мактабини кўздан кечириб, ўқувчиларнинг сифатли билим олишлари учун яратилган шароитлар ва таълим жараёнлари хусусида ўқитувчи ва ўқувчи ёшлар билан суҳбатлашди.
Шунингдек, дарсларни аъло баҳоларга ўзлаштириб, яхши натижаларга эришиб келаётган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига ташаккурномалар ва совғалар топширилди.