Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Иккинчи жаҳон урушида туб бурилиш ясаган жасорат

Иккинчи жаҳон урушида туб бурилиш ясаган жасорат

09 май 2023 йил
336
0

1941 йилда бошланган Иккинчи жаҳон уруши жаҳоннинг 61 мамлакатини, ер шари аҳолисининг 80 фоизини яъни 1,7 миллиард кишини ўз гирдобига тортди.

Салкам эллик миллион инсоннинг ҳаётига завол бўлган қирғин Ватанимиздан минглаб километр узоқликда бўлса-да, қанча-қанча юртдошларимизнинг ёстиғини қуритди. Халқ ҳаловатдан айрилди. Кунлар келди-ки, бу кечмишлар ўтмишга айланди. Лекин йиллар армони, бу армон доғи, ҳали-ҳануз кўнгил тубида сақланиб қолган.

“Ҳамма ёшлик дамларини қувонч билан ёдга олса, менинг ёшлигим ҳаётим давомида тотган энг қайғули кунларимдан хотира бўлиб қолган. Очарчилик, оғир меҳнат азоби… энг даҳшатлиси, уруш туфайли отамдан, уч бирдай паҳлавонкелбат акаларимдан ажралдик. Бу айрилиқ азобига онажоним дош беролмади, тўшакка михланди. Орадан ҳеч қанча ўтмай омонатини топширди…” Ҳамқишлоғимиз Момахол момо уруш даври хотираларини эслаганида, ҳар гал кўз ёшларини тиёлмайди. Йиллар ўтса-да, Момахол момонинг қалбини армон ўртайди. Йиллар ўтса-да, айрилиқ азобидан кўнгли вайрон бўлади…

Ўша машъум урушдан оиласи бағрига ёруғ юз билан қайтганлар ҳам бор, тенгсиз жасорат кўрсатиб, кўпларнинг олқишига сазовор бўлган ватандошларимиз ҳам кўп. Улар бизнинг, миллатимизнинг фахри, ифтихори. Ўзбекнинг шундай мард ва жасур фарзандларидан бири Совет Иттифоқи қаҳрамони Жўрахон Усмонов бўлади.

Сирдарё вилояти, Ховос тумани, (Ҳозирги Жиззах вилояти, Янгиоод тумани) Совот қишлоғида туғилиб ўсган бу йигит айни навқирон ёшида фронтга отланади. Бироз вақт фронт ортида ҳарбий билимларни эгаллайди, жанговар қуролни тўла-тўкис ўрганади. У жуда ёш ва ғайратли эди. Томирларда уриб турган қайноқ қон уни жасоратга чорлаган бўлса ажаб эмас.

Урушга кирган дастлабки кунларидаёқ у сафдошларига ўрнак бўла бошлади. Ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам тадбиркорлик билан йўл топа оладиган сержант Жўрахон Усмонов ҳаммани лол қолдириб Сталинград учун бўлган жангларда мислсиз мардлик намунаси кўрсатади. Унинг ғалабага улкан ҳисса бўлиб қўшилган бу ботирлиги қўмондонлик томонидан муносиб эътироф этилади – у Қизил Байроқ ордени билан мукофотланади.

Фидойилар

1943 йилнинг ёзи. Курск ёйида бўлган қаттиқ жангларда Ўзбекистонда тузилган 62 ва 69- ўқчи дивизиялар, 162- Ўрта Осиё – Новгород – Шимол аскар ва зобитлари алоҳида жасорат кўрсатдилар. Аёвсиз жанг бўлди. Курск эгаллангач, аскарларнинг мувафақ ғалабага бўлган ишончи янаям ортди. Эндиги энг катта масала Днепр дарёсини кечиб ўтиш эди…

Днепрни кечиб ўтиш осон бўлмади, албатта. Чунки ҳар сонияда фашистлар ўқ ёғдириб, аскарларнинг жонига хавф солиб турарди. Натижада жангчилар сафи сийраклаша бошлади. Бора-бора улар ичидан ўнта жангчигина тирик қолди. Шундай бўлса-да тушкунликка тушмасдан ҳаракат қилишди. Рота командири Жўрахон Усмонов бошчилигида мадад кучлари келгунча маррани мардонавор эгаллаб туришди ва мақсадга эришишди. Бу ҳақиқий муваффақият эди. Энг асосийси, Курскдаги ғалаба ва душманнинг Днепрдан улоқтириб ташланиши Иккинчи жаҳон урушида туб бурилиш ясаганди…

Сож дарёси бўйида

Бир куни сержант Жўрахон Усмонов хизмат қилаётган қисмга “Сож дарёсидан ўтиб, унинг ғарбий ёқасидаги плацдарм эгаллансин”, деган жанговар топшириқ келади. Топшириқни бажариш учун энг сара аскарлар танлаб олиниб, штурмчи отряд тузилади. Сержант Жўрахон Усмонов отряд командирининг ёрдамчиси этиб тайинланади.

Отряд кечаси йўлга чиқди.Уларнинг мақсади қатъий эди: душманга қўқисдан ҳамла қилиб, тонг ёришгунча улар қўним топган тепаликни ишғол қилиш.

1944 йилда чиқарилган жанговар варақада ушбу уруш тафсилотлари, ўзбек фарзанди сержант Жўрахон Усмоновнинг бу урушда кўрсатган жасорати ҳақида шундай ёзилади:

“…Тепалик ёнига Усмонов гуруҳи чуқурликдан ўтиб борди. Шундай бўлса ҳам душман совет жангчисини пайқаб қолди. Бирдан пулемёт тариллаб кетди. Жангчилар ерга ётиб олдилар. Тепаликнинг таги очиқ жой. Ҳамма нарса душманга кўриниб туради. Нари боришнинг иложи йўқ. Тонг яқинлаб келаётир. Вақт зиқ. Ана шунда Усмонов бир қарорга келди…

Қўрқинчни писанд қилмай Усмонов тинмай пулемёт отиб турган жойга эмаклаб бораверди. Йўлда гранатани ростлаб олди. Тўғрилаб ирғитди. Тўсиқ ҳам бартараф қилинди…

Эрталаб душман бу кичкина отрядни эгаллаган позициясидан суриб чиқармоқчи бўлиб, қарши ҳужум қилди… Патрон тугай деб қолди. Граната ҳам йўқ эди. Отряд командири лейтенант Озеров қаттиқ ярадор бўлиб ҳушидан кетиб қолган эди. Қўмондонликни Жўрахон Усмонов ўз зиммасига олди. Жангчиларнинг юзида хавотир, хатти-ҳаракатларида довдираш пайдо бўлганини кўрган Жўрахон команда берди:

– Бир қадам ҳам чекинмайсизлар! Ўлгунча турасизлар!

Командирнинг эпчиллиги ва топқирлиги жангчиларни руҳлантирди…

Шу олишувда Жўрахоннинг ўзи ўн фашистни ўлдирди. Қолганларини унинг жангчилари ва етиб келган бўлинма тамом қилди ”.

Сержант Жўрахон Усмонов жангларда кўрсатган шундай фидойилиги сабаб Совет Иттифоқи қаҳрамони унвони билан тақдирланди.

Она Ватанга мактуб

Инсонга Ватанидан, яқинларидан йироқда бўлганда нима куч беради? Албатта, у туғилиб ўсган юрти билан боғлиқ азиз хотираларидан, ота-онасига бўлган меҳри, муҳаббати, соғинчидан куч олади. Жасур жангчи Жўрахон Усмонов ҳам урушда кечган йилларида ана шундай таскин билан, Ватанга интилиб, унга фақат яхшиликлар соғиниб яшади. Унинг Ўзбекистонга йўллаган мактубларида ҳам ана шундай руҳ бор. Мана шундай мактублардан бири. Унинг айрим жойларидан парча келтирамиз:

“Салом серқуёш Ўзбекистоним! Мен Иккинчи жаҳон уруши фронтларида уч йилдан ортиқ жанг қилганимдан кейин, яна сенинг меҳрибон бағрингга келдим…Иссиқ қучоғингга қайтиб келарканман, берган топшириғингни шараф билан бажарганлигим тўғрисида ифтихор билан сўзлай оламан…

Мен жангларда уч марта енгил ва икки марта оғир ярадор бўлдим. Лекин жароҳатларим битиб кетиши билан яна ўз қисмимга қайтиб бордим ва шонли Қизил Армия сафида туриб, фашистларни ўз уясида батамом янчиб ташлаш учун олиб борилаётган жангларда иштирок этдим. Мен Ватанимга қайтиб келгач, ўзбек халқининг турли соҳаларда шу йил эришган катта ютуғини кўриб беҳад қувондим. Озодлик жангларида мардлик ва жасурлик кўрсатаётган ўзбек йигитлари ўз халқининг меҳнат зафарларидан мамнундирлар”.

Она Ўзбекистонимизнинг мана шундай асл ватанпарвар, жасур фарзандлари бор. Уларни ҳеч қачон унутмаймиз.

Манба

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар