Янгиобод тумани Совот қишлоғида қаҳрамон Жўрахон Усмонов хотираси ёдга олинди (Видео)
Маълумки, Иккинчи жаҳон уруши дунё тарихида бутун инсоният бошига оғир кулфатларни солган уруш бўлди. Фашизм устидан қозонилган ғалабада ҳалқимизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Уруш арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли яшаган бўлса, шундан 1 миллион 500 мингдан зиёди фронтга сафарбар этилган.Ўша маъшум урушдан оиласи бағрига ёруғ юз билан қайтганлар ҳам бор, тенгсиз жасорат кўрсатиб кўпларнинг олқишига сазовор бўлган ватандошларимиз ҳам кўп. Улар бизнинг, миллатимизнинг фахри, ифтихоридир.
Ўзбекнинг анашундай мард ва жасур фарзандларидан бири Совет Иттифоқи Қаҳрамони Жўрахон Усмонов бўлади.
Манашундай қаҳрамонларимизни ёд этиш, номларини абадийлаштириш, уларнинг жасоратларини ёшлар онгига сингдириш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида Жўрахон Усмонов туғилиб ўсган маскан - Янгиобод туманининг Совот қишлоғида қаҳрамон хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда меҳнат фронти фахрийлари, авғон уруши қатнашчилари, нуронийлар, маҳалла фаоллари ва ёшлар иштирок этишди.
Тадбирда сўз олган туман ҳокими Иброҳим Қаршибоев Жўрахон Усмоновнинг кўрсатган жасорати хусусида тўхталди.
- "Совот қишлоғида туғилиб ўсган бу йигит айни навқирон ёшида фронтга отланади. Урушга кирган дастлабки кунларидаёқ у сафдошларига ўрнак бўла бошлади. Ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам тадбиркорлик билан йўл топа оладиган Жўрахон Усмонов ҳаммани лол қолдириб, Сталинград учун бўлган жангларда мислсиз мардлик намунасини кўрсатиб, қўмондонлик томонидан Қизил Байроқ ордени билан мукофотланади".
Туман раҳбари сўзини давом эттирар экан, юртимизнинг мана шундай асл ватанпарвар, жасур фарзандлари ҳеч қачон унутмаслигимиз лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, Жўрахон Усмонов номини абадийлаштириш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида айтиб ўтди.
Шундан сўнг туман ҳокимлиги, фахрийлар ва жамоатчилик вакиллари томонидан Жўрахон Усмонов қабрига гулчамбар қўйилиб, Қуръон тиловати ўқилди.
Тадбирда сўз олганлар, бугунги тинч ва фаравон ҳаёт ўз-ўзидан бунёд этилмаганини, Ватан озодлиги йўлида жон берган аждодларимиз кўрсатган жасоратлари ёшларимиз учун ибрат мактаби эканини таъкидладилар.