ТОВЛАМАЧИЛИК ҚИЛГАН СОХТА ХОДИМГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ
Охирги пайтларда фирибгарлик, товламачилик ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар орқали мўмай даромад олишга қаратилган жиноятларга кўзимиз тушиб қолади.
Шу ўринда кўпчиликда фирибгарлик ва товламачилик аслида нима, деган савол туғилиши мумкин, қонунчиликка кўра, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш – бу фирибгарлик, товламачилик эса – у ҳам мулкий жиноятлардан бири бўлиб, жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабрланувчи учун сир сакланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топшириш, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйишдир.
Ҳаётда шундай қинғир ишлар бўладики, у ҳақда эшитган вақтимизда беихтиёр «Туппа-тузук йигит эди-ку, нима жин уриб номақбул ишларни қилибди?» — дея ҳайрон қоламиз. Аслида бунинг сабаби ўз вақтида тарбияда йўл қўйилган кемтикликка бориб тақалади.
Суд амалиётида бунга мисоллар етарлича топилади.
Масалан, Б.Жўраев (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2023 йил 26 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги ИЖҚК Департаментига ариза билан мурожаат қилиб, аризасида “Хожиакабар Саломов” исмли шахс унга унинг автомашиналар олди-сотдиси билан боғлиқ фаолияти юзасидан жиноят ишини қўзғатганлиги, яқин кунларда ушбу жиноят иши доирасида қамоққа олинишини ва узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиниши мумкинлигини айтиб, уни қўрқитиб, ушбу жиноят ишини турли ҳил юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали тугатиб бериши ва келгусидаги унга ноқонуний тадбиркорлик фаолиятига раҳнамолик қилиб туришларини ваъда қилиб, бунинг эвазига 50.000 АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 40.000 АҚШ доллари бериши кераклигини айтиб келаётганлигини маълум қилиб, унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйишни сўраган.
Шунга кўра, 2023 йил 29 апрель куни ўтказилган тезкор тадбирда, “Хожиакабар Саломов” товламачилик йўли билан ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини қўлга киритиш мақсадида, гўёки Б,Жўраевга нисбатан унинг автомашина олди-сотдиси билан боғлиқ фаолияти бўйича жиноят иши мавжудлигини, яқин кунларда ушбу жиноят иши доирасида қамоққа олинишини ва узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиниши мумкинлигини айтиб, уни қўрқитиб, унга нисбатан бўлган жиноят ишини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали тугатиб бериш ва келгусида ишларига раҳнамолик қилиш эвазига 50.000 АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 40.000 АҚШ доллари бериши кераклигини айтиб, пул беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиб, Б,Жўраевдан махсус кимёвий ишлов берилган 35.000 АҚШ долларини Тошкент шаҳри ҳудудида олган вақтда, ашёвий далиллар билан ушланган.
Суд, ишни мазмун кўриб чиқиб, Х.Саломовга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 3-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57,59-моддаларига асосан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Бахтиёр Мамадаминов,
Жиноят ишлари бўйича
Янгиобод туман судининг раиси