Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Янгиобод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоевнинг Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллик байрами муносабати билан туман халқига йўллаган байрам табриги

Янгиобод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоевнинг Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллик байрами муносабати билан туман халқига йўллаган байрам табриги

01 сентябрь 2023 йил
134
0

Ассалому алайкум қадрли тумандошлар, азиз меҳмонлар!

Аввало,  Сизларни, Сизлар орқали барча туманимиз аҳлини барчамиз учун энг улуғ, энг азиз бўлган қутлуғ байрам – Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги билан  самимий муборакбод этаман! 

Барчамизга  яхши маълумки, истиқлолга эришган шукуҳли кундан эътиборан Ватанимизнинг кўп йиллик тарихида янги давр – эркинлик ва озодлик, миллий тикланиш ва тараққиёт даври бошланди. Ўтган қисқа даврда жонажон Ўзбекистонимиз машаққатли, шу билан бирга, шарафли истиқлол йўлини босиб ўтди. Бу давр миллатнинг, жамиятнинг, неча-неча авлодларнинг тақдирини, ҳаёт йўлини белгилаб берадиган давр  бўлди.

Айниқса, сўнгги йилларда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонимиз ҳам ўз ўрнида жаҳонга юз тутмоқда. Юртдошларимизнинг дунёқараши, онгу тафаккури юксалмоқда. 

Бу йилги улуғ айём  “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган эзгу ғоя асосида нишонланаётгани ҳам бежизга эмас. Зеро, мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалар, хусусан янгиланган Конституциямизнинг қабул қилиниши - фуқароларимизнинг Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга қаратилган ислоҳотларга бефарқ эмаслигини, келажакка янгича ишонч билан қараётганларини яққол кўрсатади.

Азиз дўстлар!

Президентимиз ҳар бир инсон умид билан яшар экан, эртага эмас, шу бугун ниятига етишини, ҳаётидан, ҳар бир кунидан мамнун бўлиб яшашини истайди. Одамларни рози қилиш, уларнинг турмуш тарзини яхшилаш борасидаги ишлар юртимизнинг чекка ҳудудларини ҳам қамраб олмоқда. Биргина бизнинг туманимизни олиб қарайдиган бўлсак, сўнги вақтларда кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари натижасида маҳалла ва қишлоқлар қиёфаси кўркам тус олиб, аҳоли турмуш даражаси тубдан яхшиланмоқда.

Жумладан, жорий йилда туманимизда 60 километрдан ортиқ асосий ва ички йўллар яхшиланди, 35 километрдан ортиқ ичимлик суви тармоқлари янгиланди. Янгиобод тумани марказидаги асосий йўлларга замонавий тус берилиб, саломатлик йўлаклари ва тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди.

Бу ишларнинг давоми сифатида Баландчақир маҳалласидаги йўлнинг 4,5 км қисмида ҳамда барча маҳаллаларнинг асосий йўлларида манашундай бунёдкорлик ишларини амалга оширишни режалаштирганмиз.

Бундан ташқари, кўп йиллардан бери аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган Намингон қишлоғига олиб борувчи йўлнинг 2 км қисми, Учтургон-Қўшқанд ҳамда “Ҳайр-Ҳавотоғ” сиҳатгоҳига олиб борувчи йўлларнинг 13 км қисми тўлиқ асфалт қилинди. Шунингдек, Президент қарори асосида ҳозирда 7-ҳамда 10- умумтаълим мактабларида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, Совот қишлоғида янги ва замонавий боғча ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси қошида 50 ўринли поликлиника  қуриш ишлари жадал давом этмоқда.

Қадрли тумандошлар! Йиллар  давомида фақатгина  лалмикор деҳқончилик ва асосан  чорвачилик  билан машғул бўлган аграр  тармоғимизга  бугун замонавий  ва тежамкор  технологиялар, хорижий  инвестициялар,  саноат  ва  ишлаб  чиқариш технологиялари кириб келиши натижасида иқтисодиётимиз ривожланиш  йўлига  кирди. Маҳаллий  иқлим  шароитимизга  мос интенсив  боғлар, токзорлар барпо этилди. Янги-янги инвесторлар билан ҳамкорлик  учун  имкониятлар эшиклари очилмоқда.

Рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, туманимизда 2022-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурига асосан умумий қиймати 78 млрд. 386 млн сўмлик 32 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилиши ҳамда 258 та янги иш ўринлари яратилиши белгилаб олинган бўлиб, бугунги кунда умумий қиймати қарийб 12 млрд.сўмлик 12 та янги инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, 77 та янги иш ўринлари яратилди.

Август ойи якунига қадар Янгиобод ШФЙ ҳудудида лойиҳа қиймати 2,7 млрд. сўм бўлган 70 ўринли “Моҳир болажон” мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилиб, 30 нафар янги иш ўрини яратилиши кутилмоқда.

Шунингдек, “Ҳавотоғ” ҚФЙ ҳудудида “Ҳайр Ҳавотоғ” МЧЖ хорижий корхонаси томонидан қиймати 17 млрд. сўм бўлган маданли сув қадоқлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа ижроси билан 60 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

    Албатта, бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигини оширишдек эзгу мақсадлар йўлида олиб борилмоқда.

Юртбошимиз таъкидлаганларидек, ислоҳотларнинг халқимиз учун бўлиши, халқ бой бўлса, давлат бой бўлади деган ғоянинг устуворлиги, одамлар орасига кириб бориш, улар билан дилдан яқин бўлиш натижалари оз фурсатларда ўз тасдиғини кўрсатди. Юртимиз қиёфаси ўзгарди. Одамларнинг яшаш тарзи, ўй-фикри ўзгарди, келажакка ишончи, ватанга бўлган муҳаббати ортди.

Азиз дўстлар! Шу йили ўз иқтидори ва интилиши натижасида Янгиободлик бир қатор ёшлар турли соҳаларда юқори натижаларни қайд этишиб, эътирофларга сазовор бўлишди. Хусусан, маҳалла ёшлари ўртасида ўтказилган беш босқичли "Беш ташаббус олимпиадаси"нинг вилоят босқичида ёшларимиз турли йўналишларда фаол иштирок этишиб, 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалларига сазовор бўлдилар.

Шунингдек, истеъдодли ёшларимиздан Жасурбек Ғайбуллаев “Янги Ўзбекистоннинг янги истеъдодлари” Республика кўрик танловида Гранпри соҳиби, “Энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари” Республика кўрик-танловида ҳам 1-ўрин соҳиби бўлди.

Ёш спортчиларимиз натижаларига ҳам назар ташлайдиган бўлсак, шу йилнинг март ойида Қозоғистон Республикасида спортнинг ММА тури бўйича бўлиб ўтган халқаро мусобақада ёш спортчиларимиздан Анорқулов Озодбек ҳамда Нематуллаев Шаҳобиддин 3-ўринни, август ойида бокс тури бўйича ўтказилган вилоят чемпионатида яна бир спортчимиз Нарзиқулов Абдулазиз фахрли 1-ўринни қўлга киритди.

Янгиободнинг яна бир фарзанди “Сўғдиёна воман” профессионал футбол клуби футболчиси Нафиса Набиқулова Президентимиз фармони билан “Келажак бунёдкори” медали билан мукофотланди. 

Яна бир қувонарли хабар шундаки, бу йилги 11-синф битирувчилари орасидан Давлат тест марказининг дастлабки натижаларига кўра 107 нафари, яъни 37 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кириб, ушбу натижа бўйича туманимиз вилоятда етакчи ўринни банд қилиб турибди.

Албатта, ёшларимизнинг бундай натижалари барчамизда қувонч ва фахр-ифтихор туйғусини уйғотади.

Азизлар! Давлатимиз томонидан яратилаётган бундай имкониятлар учун албатта қалбимизда   шукроналик, амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси янада ошади.

Бугун юртимизда байрам шодиёналари,  суюкли Ватанимиз 32 ёшда. Бу байрам халқимиз ҳаётида, ишида бахт ва омад, бебаҳо тинчлик етаклаб келгани  рост бўлсин! Сизларни яна бир бор Мустақиллик байрами билан чин дилдан муборакбод этиб, барчангизга тинчлик-тотувлик, бахт-саодат, хонадонингизга файзу барака тилайман.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, истиқлолимиз абадий бўлсин!

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар