ХАҚОРАТ ҚИЛГАНИ УЧУН АЙБДОРГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ
Охирги пайтларда фуқаролар ўртасида бир-бирини хақорат қилиш жиноятига кўзимиз тушиб қолади.
Шу ўринда кўпчиликда хақорат қилиш аслида нима, деган савол туғилиши мумкин, қонунчиликка кўра, хақорат қилиш, яъни шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, жиноий жавобгарлик келиб чиқади.
Бундай жиноятлар ҳозирда оилада, келин-қайнона, эр-хотин ўртасида жуда кўплаб учраб турибди.
Суд амалиётида бунга мисоллар етарлича топилади.
Масалан, М.Алишерова (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) муқаддам жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 40-моддаси ва 41-моддаси билан айбли деб топилиб, жарима жазоси тайинланган бўлсада, ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, 2021 йил 2 ноябрь куни ўзининг яшаш хонадонида турмуш ўртоғи Э.Бахтиёровни У.Равшанова билан ишқий муносабатда бўлганликда айблаб, оғизга олиб бўлмайдиган уятли сўзлардан иборат бўлган хабар (SMS) юбориб, Э.Бахтиёровнинг шаъни ва қадр қимматини беодоблик билан қасддан тахқирлаб хақорат қилган.
Бундан ташқари, М.Алишерова ўзининг жиноий харакатларини давом эттириб, 2021 йил 16 декабрь куни вояга етмаган фарзандини олиш учун борган У.Равшановага турмуш ўртоғи Э.Бахтиёровни жазман бўлиб юрганини айтиб, унга туҳмат қилиб, унинг шаъни ва қадр қимматини беодоблик билан қасддан тахқирлаб уни уятли сўзлар билан хақорат қилган.
Суд, ишни мазмун кўриб чиқиб, М.Алишеровага Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139-моддаси 1-қисми ва 140-моддаси 1-қисми билан айбли деб топиб, ЖКнинг 59-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари яъни 8.100.000 сўм жарима жазоси тайинлади.
Бахтиёр Мамадаминов,
Жиноят ишлари бўйича
Янгиобод туман судининг раиси
Низомиддин Эрназаров,
Жиззах вилоят суди судьяси