ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ЎРҚ-869-СОНЛИ ҚОНУННИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ
Мамлакатимизда Қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд-хуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга доир кенг қўламли ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш натижаларига кўра, суд ишларини юритиш жараёнига янги институтлар жорий этилди.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ярашув, дастлабки эшитув, медиация, шунингдек суд қарорларининг қонунлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш каби институтлар такомиллаштирилди.
Шу билан бирга судларда ишнинг ҳажми кескин ортганлиги ишларни қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиш имкониятининг йўқолишига олиб келмоқда ва бу ўз-ўзидан фуқароларнинг ўринли эътирозлари кўпайишига сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари узил-кесил қарор қабул қилишда суд қарорларининг қонунлиги, асослилиги ва адолатлилигини уч босқичли тизим воситасида текшириш имкониятлари чекланганлиги сабабли мазкур тизимни ўрта бўғиннинг вилоят судларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали такомиллаштириш зарурлигидан далолат бермоқда.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида, апеллляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўришга, шунингдек қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриш бўйича ваколатларни вилоят судларига ва уларга тенглаштирилган судларга ўтказишга ҳамда юқори судлар томонидан суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига юбориш амалиётини тугатишга доир процессуал нормаларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ушбу Қонун судъяларнинг масъулиятини оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга, фуқароларнинг шикоят қилиш хуқуқидан фойдаланиш имкониятларидан кенгайтиришга ва норозиликларнинг олдини олишга, шунингдек ортиқча сарсонгарчиликларга йўл қўймасликка хизмат қилади.
Бахтиёр Мамадаминов,
Жиноят ишлари бўйича
Янгиобод туман судининг раиси