Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Моддий зарар тушунчаси

Моддий зарар тушунчаси

25 декабрь 2023 йил
321
0

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқининг кафолатланганлик тамойилига асосан (44-модда) мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида ислоҳотларнинг босқичма-босқич олиб борилаётганлиги натижасида ҳуқуқи бузилган шахсларни суд орқали ҳимоя қилиш имкониятлари янада кенгаймоқда. Буни фуқаролик ишлари бўйича судларда моддий зарарларни ундириш билан боғлиқ тақдим қилинаётган аризаларнинг кундан кунга кўпайиб бораётганлигидан ҳам кузатиш мумкин. 

Зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар фуқаролик ҳуқуқининг муҳим институтларидан биридир. Бу мажбуриятлар шартномавий муносабатлардан ташқари, шахсга ёки мол-мулкка ғайриқонуний хатти-ҳаракат натижасида етказилган зарарларни қоплашга қаратилган.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 14-моддасида зарар тушунчасига таъриф берилган бўлиб, "Зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади”.

Агар ҳуқуқни бузган шахс бунинг натижасида даромад олган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс бошқа зарар билан бир қаторда бой берилган фойда бундай даромаддан кам бўлмаган миқдорда тўланишини талаб қилишга ҳақли.

Зарар шахсий номулкий ёки мулкий ҳукуқлари бузилиши натижасида шахсда вужудга келувчи салбий мулкий оқибатлардир. 

Шу сабабли, зарар моддий ёхуд жисмоний характер касб этади. Моддий зарар кўрган жабрланувчи жисмоний шахс ҳам, юридик шахс ҳам бўлиши мумкин. Жисмоний зарар бўйича жабрланувчи фақат фуқаро бўлади.

Фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар, шунингдек маънавий зарар ўзига хос хусусиятларга эга. Етказилган зарар тўлиқ ҳажмда, бой берилган фойдани ҳам қўшиб ҳисобга олган ҳолда ундирилади.

Шахснинг бузилган ҳуқуқини, нобуд бўлган ёки шикастланган мол-мулкини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган ҳаракатлари ҳақиқий (реал) зарар ҳисобланади.Қонунда етказилган зарарни тўлиқ ҳажмда қоплаш умумий қоидасидан истисно назарда тутилиши мумкин.

Умумий қоидага кўра, зарарни тўлаш мажбурияти бевосита зарар етказувчига юкланади. Айни пайтда қонунда етказилган зарарни тўлаш мажбурияти зарар етказган шахсгагина эмас, балки унинг хатти-ҳаракатлари учун масъул ёхуд хатти-ҳаракатларини назорат қилиши шарт бўлган шахсларга ҳам юкланиши мумкин.

Одатда, фуқаронинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарар оқибатларини юмшатиш учун қонун ҳужжатларида ёхуд шартномада товон тўловлари ҳам назарда тутилади. Ушбу чоралар фуқаролик-ҳуқуқий, ижтимоий ҳимоя воситаси ҳисобланади.

Зарар етказганлик учун жавобгарликни қўллаш асоси сифатида зарар етказувчининг айби мавжуд бўлиши керак. Айб зарар етказувчининг ўз қилмиши ва унинг оқибатларига руҳий-психик муносабати ҳисобланади.

Зарар етказувчи айбининг шакли қонун ҳужжатларида бевосита белгилаб қўйилган ҳоллардагина ҳуқуқий оқибатларга эга бўлади. Қолган ҳолатларда қасд ёки эҳтиётсизликдан қатъи назар, қилмиш тўлақонли айб асосида содир қилинган ҳисобланади, яъни айбнинг ҳар қандай шаклида етказилган зарар тўлиқ ҳажмда ундирилади.

Зарар етказган шахс, агарда бунда ўзининг айби йўқлигини исботлаб берса, яъни форс-мажор ҳолатлар рўй берган ёхуд учинчи шахсларнинг айби мавжуд бўлса, жавобгарликдан озод қилинади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (ФК) нинг 333-моддасида (мажбуриятни бузганлик учун жавобгарлик) ҳам айбсизликни исботлаш бурчи зарар етказган шахс зиммасига юкланади. Ушбу ҳолатда айбсизлик презумпцияси намоён бўлади, яъни зарар етказган шахс қонунда белгиланган тартибда ўзининг айбсизлигини исботлаб бермагунича, айбдор ҳисобланади.

Қайд этиш лозимки, айб деликт бўйича жавобгарликни белгилашда қатъий, яъни мутлақ зарурий асос эмас. Қонунда зарар етказувчининг айби бўлмаганда ҳам зарарни тўлаши назарда тутилиши мумкин. ФКнинг 993, 996, 999-моддаларида зарарни тўлаш мажбурияти айб категориясини қўллаш мумкин бўлмаган шахсларга (муомалага лаёқатсизлиги сабабли) ёки зарар етказишда айби бўлмаган шахсларга юкланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Фуқаролик қонунчилигида жавобгарлик шарти сифатида зарар етказувчи хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги)нинг ҳуқуққа хилофлиги зарар етказувчи хатти-ҳаракатининг ғайриқонунийлигини, яъни бошқа шахснинг субъектив ҳуқуқи бирор тарзда бузилишини англатади.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 9-моддасининг бешинчи қисмига кўра, фуқаролар ва юридик шахслар бошқа шахсларга зарар етказишга қаратилган ҳаракатларни содир этмасликлари шарт. Зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар бош деликт тамойилига асосланади, яъни агар қонун ҳужжатларида белгиланган бўлмаса, ҳар қандай зарар етказиш ҳуқуққа хилоф ҳисобланади.

Одил Эгамбердиев, 

Фуқаролик ишлари бўйича 

Зарбдор туманлараро суди раиси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар