Mаъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди
Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослиги ва адолатлигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ 884-сонли Қонунига мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Жумладан: апелляция тартибида шикоят бериш тартиби тўғрисида гапирадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 3241-моддасида, Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан ўзига нисбатан суднинг қарори чиқарилган шахс, жабрланувчи, уларнинг қонуний вакиллари, адвокат, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган орган биринчи инстанция судининг қарори устидан апелляция шикояти беришга, прокурор эса протест келтиришга ҳақли. Апелляция шикояти (протести) берган шахслар ўз важларини тасдиқловчи қўшимча материаллар тақдим этишга ҳақли.
Апелляция шикоятининг (протестининг) нусхаси бир сутка ичида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан ўзига нисбатан суднинг қарори чиқарилган шахсга, жабрланувчига, уларнинг қонуний вакилларига, адвокатга, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган органга юборилади. Кўрсатилган шахслар иш билан, шу жумладан қўшимча материаллар билан танишишга, шунингдек судга ўз эътирозларини тақдим этишга ҳақли.
Суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан шикоят (протест) иш билан бирга уч сутка ичида апелляция инстанцияси судига юборилиши лозим.
Суднинг маъмурий қамоққа олиш ёки маъмурий тартибда чиқариб юбориш тўғрисидаги қарори устидан шикоят (протест) апелляция инстанцияси судига шикоят (протест) олинган куни юборилиши лозим.
Апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг номига йўлланади, лекин маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарорни чиқарган судга берилади.
3242-модда. Апелляция тартибида ишларни қайта кўрувчи судлар
Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш натижалари юзасидан биринчи инстанция бўйича чиқарилган қарорларнинг қонунийлиги, асослантирилганлиги ва адолатлилигини апелляция тартибида текширади.
3243-модда. Апелляция шикояти (протести) бериш муддатлари
Биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан апелляция шикояти (протести) қарор ўқиб эшиттирилган кундан эътиборан ўн сутка ичида, ўзига нисбатан суд қарори чиқарилган шахс ва жабрланувчи томонидан эса, қарорнинг кўчирма нусхалари уларга топширилган ёки улар томонидан ушбу кўчирма нусхалар олинган кундан эътиборан худди шу муддатда берилиши мумкин.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган муддат ўтказиб юборилган тақдирда, апелляция шикояти (протести) берувчи шахснинг илтимосномасига кўра, қарорни чиқарган суд, агар муддатнинг ўтказиб юборилганлиги сабабларини узрли деб топса, ўтказиб юборилган муддатни тиклашга ҳақли бўлиб, бу ҳақда ажрим чиқарилади.
Суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарори устидан апелляция шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномани рад қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг устидан хусусий шикоят (хусусий протест) берилиши мумкин.
3244-модда. Апелляция шикоятининг (протестининг) мазмунига қўйиладиган талаблар
Апелляция шикоятида (протестида) қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) шикоят (протест) юборилаётган суднинг номи;
2) шикоят (протест) берган шахс, унинг процессуал мавқеи, унинг яшаш жойи ёки жойлашган ери тўғрисидаги маълумотлар;
3) қарор чиқарган суднинг номи, қарор чиқарилган сана, суд ишининг рақами, устидан шикоят (протест) берилаётган қарор қайси шахсга нисбатан чиқарилган бўлса, ўша шахс тўғрисидаги маълумотлар;
4) шикоят (протест) бераётган шахснинг фикрига кўра қарорнинг нотўғрилиги нимадан иборат эканлиги тўғрисидаги важлари, шунингдек унинг илтимосининг мазмуни;
5) шикоят (протест) берган шахс ўз талабларини асослаётган далиллар, хусусан, биринчи инстанция суди томонидан текширилмаган далиллар;
6) янгидан тақдим этилаётган далиллар ва уларнинг биринчи инстанция судига тақдим этилмаганлигининг сабаби;
7) шикоятга (протестга) илова қилинаётган материаллар рўйхати;
8) шикоят (протест) берилган сана, шикоят (протест) берган шахснинг имзоси.
Агар апелляция шикоятининг (протестининг) мазмуни ушбу модданинг биринчи қисми талабларига жавоб бермаса ва бу ишни кейинчалик мазмунан кўриб чиқишга тўсқинлик қилса, биринчи инстанция судининг судьяси апелляция шикоятини (протестини) уни берган шахсга қайтариш тўғрисида уч кунлик муддатда ажрим чиқариб, апелляция шикоятини (протестини) янгидан тузиш учун муддат белгилайди.
Судьянинг апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажримининг талаблари бажарилмаган ва апелляция шикояти (протести) белгиланган вақтда келиб тушмаган ҳолларда, у берилмаган деб ҳисобланади.
3245-модда. Апелляция шикоятини (протестини) қайтариб олиш
Суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан апелляция шикояти берган шахс ушбу шикоятни қайтариб олишга ҳақли. Апелляция протестини қайтариб олиш ҳуқуқи протестни киритган прокурорга, шунингдек юқори турувчи прокурорга тегишлидир.
Ўзига нисбатан суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори чиқарилган шахс ўз адвокатининг апелляция шикоятини қайтариб олишга ҳақли.
Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг адвокати, қонуний вакили ўз шикоятини фақат маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг розилиги билан қайтариб олишга ҳақли.
Апелляция шикоятини (протестини) қайтариб олишга апелляция инстанцияси суди қарор қабул қилиш учун алоҳида хонага киргунига қадар йўл қўйилади.
Апелляция шикоятини (протестини) қайтариб олиш тўғрисидаги ҳужжат ишда қолдирилади.
3246-модда. Апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш муддатлари
Биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан берилган апелляция шикояти (протести) у ишнинг барча материаллари билан келиб тушган кундан эътиборан ўн беш сутка ичида апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилиши лозим.
Ушбу Кодекснинг 512, 513, 514, 515, 516, 517, 518, 519-моддаларида назарда тутилган биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича қарорлари устидан берилган апелляция шикоятлари (протестлари) ишнинг барча материаллари билан келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилиши лозим.
Биринчи инстанция судининг маъмурий қамоққа олиш ёки маъмурий тартибда чиқариб юбориш тўғрисидаги қарори устидан берилган апелляция шикояти (протести) шикоят (протест) берилган пайтдан эътиборан бир сутка ичида апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилиши лозим.
3247-модда. Суд хабарномалари ва чақирувлари
Ишда иштирок этувчи шахслар апелляция шикояти (протести) кўриладиган вақт ва жой ҳақида суд чақирув қоғозлари, телефонограммалар, телеграммалар ва хабардор қилинганлиги факти қайд этилишини таъминлайдиган бошқа алоқа воситалари орқали хабардор қилинади.
3248-модда. Апелляция шикоятини (протестини) кўриш тартиби
Биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан берилган апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг судьяси томонидан якка тартибда кўрилади.
Апелляция инстанцияси суди маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни суд мажлисида ушбу параграфда белгиланган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда, ушбу Кодекснинг XXIII бобида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш қоидаларига биноан кўриб чиқади.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш апелляция инстанциясида кўрилаётганда суд мажлиси иш бўйича раислик қилувчи томонидан очилади, у қандай иш ва кимнинг апелляция шикояти (протести) бўйича кўрилаётганлигини эълон қилади. Шундан кейин раислик қилувчи суд таркибини эълон қилади, суд мажлиси котибининг, шунингдек, агар суд мажлисида иштирок этаётган бўлса, прокурорнинг, адвокатнинг ва таржимоннинг фамилиясини, исмини, отасининг исмини маълум қилади.
Раислик қилувчи ишда иштирок этувчи қайси шахслар, уларнинг вакиллари келганлигини, ҳозир бўлганларнинг шахсини аниқлайди, мансабдор шахслар ва вакилларнинг ваколатларини текширади, ишда иштирок этаётган шахсларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради, берилган илтимосномаларни ҳал қилади.
Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида лозим даражада хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги ишни апелляция тартибида кўриш учун монелик қилмайди.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни апелляция инстанцияси судида кўриш суд мажлисида раислик қилувчи судьянинг маърузаси билан бошланади. Маъруза давомида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳолатлари, биринчи инстанция суди қарорининг мазмуни, апелляция шикояти (протести) важлари баён этилади.
Маърузадан кейин суд мажлисида ҳозир бўлган, ишда иштирок этувчи шахсларнинг, уларнинг вакилларининг тушунтиришлари эшитилади. Апелляция шикояти берган шахс ёки унинг вакили ёхуд агар прокурор апелляция протести берган бўлса, прокурор биринчи бўлиб сўзга чиқади.
Апелляция инстанцияси суди ишда иштирок этувчи шахсларнинг сўзларини эшитиб, тегишли илтимосномалар мавжуд бўлганда ёки ўз ташаббусига кўра ишдаги мавжуд ва судга тақдим этилган (суд томонидан талаб қилиб олинган) янги далилларни текширади.
Суд апелляция шикоятининг (протестининг) важлари билан чегараланмай, унга илова қилинган қўшимча материалларни ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш материалларини тўлиқ ҳажмда текширади.
Апелляция инстанцияси суди иш ҳолатларини аниқлаштиришни ва далилларни текширишни тамомлагач, ишда иштирок этаётган шахсларга улар судда тушунтиришлар берган кетма-кетликда музокараларда чиқиш имкониятини яратади.
Суд музокаралари тугаллангач, судья қарор қабул қилиш учун алоҳида хонага киради.
Ишни апелляция тартибида кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор қабул қилинади.
3249-модда. Апелляция инстанцияси судининг ваколатлари
Биринчи инстанция судининг қарори устидан апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш натижаларига кўра, апелляция инстанцияси суди қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
1) биринчи инстанция суди қарорини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмай қолдириш тўғрисида;
2) биринчи инстанция суди қарорини, шунингдек органнинг (мансабдор шахснинг) қарорини бекор қилиш ва ишни маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган органга (мансабдор шахсга) қайтариш ҳақида;
3) биринчи инстанция суди қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш ва янги қарор чиқариш тўғрисида;
4) биринчи инстанция суди қарорини бекор қилиш ва иш юритишни тугатиш тўғрисида;
5) жазо чорасини кучайтирмаган ҳолда уни маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатида назарда тутилган доирада ўзгартириш ҳақида;
6) апелляция шикояти (протести) қайтариб олиниши муносабати билан апелляция иш юритишини тугатиш тўғрисида.
Апелляция инстанцияси судининг қарори чиқарилганидан кейин дарҳол ўқиб эшиттирилади.
Апелляция инстанцияси судининг қарори устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) берилиши мумкин.
32410-модда. Апелляция инстанцияси судининг қарори
Апелляция инстанцияси судининг қарорида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) қарор чиқарган суднинг номи ва таркиби;
2) суд ишининг рақами, қарор чиқарилган сана ва жой;
3) қарор чиқарилган иш;
4) апелляция шикояти (протести) берган шахс (фамилияси, исми, отасининг исми);
5) шикоят берилган (протест келтирилган) суд ҳужжатларининг мазмуни;
6) суднинг апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш натижалари юзасидан хулосалари ҳамда суд амал қилган қонунларга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига ҳаволалар.
Апелляция инстанцияси судининг қарори судья томонидан имзоланади.
Апелляция инстанцияси судининг қарори чиқарилган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Апелляция инстанцияси судининг қарори уни чиқарган судга чиқарилган кундан эътиборан уч суткадан кечиктирмай иш билан бирга ижро этиш учун юборилади.
32411-модда. Апелляция инстанцияси суди қарорининг нусхасини юбориш (топшириш)
Апелляция инстанцияси судининг қарори чиқарилганидан кейин унинг кўчирма нусхаси ўзига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарор чиқарилган шахсга, маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида баённома тузган органга уч суткагача бўлган муддатда топширилади ёки юборилади, шунингдек жабрланувчига ўз сўровига биноан ушбу муддатда топширилади ёки юборилади.
Суднинг маъмурий қамоққа олиш ёки маъмурий тартибда чиқариб юбориш тўғрисидаги қарори устидан берилган апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш натижалари юзасидан чиқарилган қарор у қабул қилинган куни қарорни ижро этувчи органнинг, мансабдор шахснинг, шунингдек ўзига нисбатан қарор қабул қилинган шахснинг ва жабрланувчининг эътиборига етказилади.
Бахтиёр Мамадаминов,
Жиноят ишлари бўйича
Янгиобод туман судининг раиси