ЁШЛАРДА БАҒРИКЕНГЛИК ТАМОЙИЛИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ АСОСЛАРИ
Бағрикенглик инсоният учун энг олий фазилатлардан саналади. Олийжаноблик, жўмардлик, саховат, меҳр-мурувват ҳар бир одам боласининг руҳи, қалбини, бутун ички ва ташқи зийнатини ёритиб турувчи нур бўлса, бағрикенглик шу нурнинг янада алангаланган, ёришган ажойиб кўринишидир. Кишининг бутун маънавий бойлиги ҳам шунда. Чунки Аллоҳ ўн саккиз минг оламни, коинот ва ундаги борлиқ жонли ва жонсиз мавжудотларни яратар экан, шу барча оламларнинг гултожи этиб одамни тупроқдан ҳосил қилди ва унга Ўз руҳидан тириклик бахш этди. Одамизоддаги тупроқ сингари ҳокисорлик натижасида унинг табиатида ҳалимлик, юмшоқкўнгиллик, камтарлик, кечиримлилик хусусиятлари ёрқин кўриниш беради.
Афсуски, инсон баъзан билиб-билмай хато қилади. Албатта, табиат ва жамиятнинг бунга қарши ўз қонуниятлари бор. Қилмишга яраша жазо ҳам муқаррар. Бироқ инсон вақтида хатосини англаб етса, хатоларига иқрор бўлиб тузалиш йўлига ўтса, уни яна ушбу жамият ва борлиқ албатта қайта қабул қилади. Бағрикенглик тушунчаси шу тариқа кенг ва чуқур маъно касб этади. Адолат устувор бўлган давлатда ҳам бағрикенглик қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади. Шу боис ҳам ҳар йили халқимиз учун муҳим бўлган саналар, байрамлар арафасида Президентимиз томонидан жазони ижро этиш муассасаларида муддатини ўтаётган ҳамда тузалиш йўлига кирган бир гуруҳ маҳбусларга авф эълон қилинади.
Бу ҳолат миллатимизга хос бағрикенглик, адолат ва мардлик тушунчаларининг ҳаётдаги инъикосидир. Бежизга Ўзбекистон Республиеаси Давлат мадҳиясида "Бағрикенг ўзбекнинг ўчмас иймони" деган пурҳикмат мисралар келтирилмаган. Ёшларимиз буни тўғри англаб етишлари, болаликдан Шарқ халқлари, Ислом динига эътиқод қилувчи мусулмонлар, шу жумладан, миллатимизга хос силайи раҳм, оқибат, яхшилик, раҳмдиллик, мурувват ва энг асосийси, бағрикенглик хусусиятларини ўзларига сингдириб боришлари зарур.
Ёшларимизда бағрикенглик феноменини юксалтиришнинг ижтимоий-фалсафий хусусиятларини ўрганиш асносида шу нарсага яққол амин бўлдикки, ҳеч бир тарбия одамнинг ёшлик чоғлариданоқ ўз оиласида олган тарбиясига тенг бўлаолмас экан. Шунинг учун ўтмишда яшаб ўтган Имом Бухорий, Маҳмуд Замахшарий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Соҳибқирон Амир Темур, Алишер Навоий каби юзлаб буюк аллома ва олимларимиз, саркарда ва мутафаккир шоирларимиз ҳаёти ва фаолиятини тадқиқ этсак, уларга болаликлариданоқ оила муҳитида тўғри тарбия ва таълим берилган, Қуръони Карим, Ҳадиси Шариф ва бошқа диний-дунёвий илмлар орқали бағрикенглик, одамийлик, меҳр-шафқат, меҳр-мурувват, меҳр-оқибат туйғулари гўдаклик даврлариданоқ руҳи-жонларига, табиатларига она сути ва алласи билан бирга сингдириб борилган экан.
Бугун мустақил мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш, Янги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган мақсад ва вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси ҳам ўзининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури асосида ушбу жараёнларда фаол иштирок этмоқда. Партиямиз фракцияси томонидан миллий Парламентимизда энг инсонпарвар ва адолатли қонунлар қабул қилиниши ҳамда мавжудларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишида бошқа сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобат доирасида етакчилик қилинаётгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.
Энди айрим мисоллар билан бу борадаги мулоҳазаларимизни давом эттирсак, фойдадан холи бўлмайди. Маълумки, бугунги кунда ёшларимизни интернет, виртуал оламга муккасидан кетиши одатий тусга кириб бормоқда. Ҳатто, оила-боғча-мактаб-олий таълим муассасасида ёхуд меҳнат фаолияти давомида ололмаган тарбияни тескари маънода уяли алоқа воситалари, ижтимоий тармоқлар воситасида бир соат ичида олиб қўйишмоқда.
Рост, агар ёшларимиз яхши тарбия ва таълимга эга бўлиб хулқ-атворида қатъийлик, ирода, воқеа-ҳодисаларни теран баҳолай билиш хусусиятлари барқ уриб турган бўлса, уларни ҳеч қандай куч тўғри йўлдан чалғитолмайди. Аксинча, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёшларимизнинг билим ва иқтидорларини ривожлантириш, тажрибаларини ошириш, дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин, қачонки, улардан мақсадли, ўринли фойдаланишни ўрганишса. Бироқ акси бўлса-чи?!
Модомики, шундай экан, жаҳон ахборот майдонидан оқилона истифода этишни ёш авлодимизга ким ўргатади? Яна биз ва Сиз, яъни ота-оналар, мураббий, тарбиячи устозлар эмасми?! Бағрикенглик тамойиллари мана шу ўринда асқотиши табиий. Биз, ёшларимизни ортиқча тергамасдан, ақллилик қилиб уларнинг эснасини қотирмасдан, ниҳоятда вазмин ва сабрли бўлиб, фарзандларимизга дўсту ҳамкор бўлишимиз, уларни нотўғри йўллар, оқимларга кириб кетишидан сақлашимиз лозим. Зеро маърифатпарвар, донишманд бобомиз Абдулла Авлоний томонидан бундан салкам юз йил олдин айтилган қуйидаги ҳикматли сўзлар бугун ҳам биз учун ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Яъни, “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир” .
Замонамизда аксарият ота-оналар фарзанд тарбияси билан шуғулланиш учун фурсат топаолмасликларидан ёзғириб қўйишади. Давлат, жамоат ишлари билан бандлигини рўкач қилишади. Ваҳоланки, тарбия масалаларида танаффус асло йўқдир. Ўтаётган ҳар бир лаҳзадан унумли фойдаланиш, болалар билан имкони борича кўпроқ бирга бўлиш, уларнинг қизиқишларини ўрганиш, келажагига ас қотадиган илм, касб, ҳунарларни эгаллашга рағбатлантириш зарур. Акс ҳолда кеч бўлади.
Буюк ватандошимиз Имом Ғаззолий бундай дейди: “Болалар ота-оналарига берилган бир омонатдир. Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. У қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади. Агар яхшиликка ўргатилса, шу билан ўсади ва дунёю охиратда саодатга эришади. Унинг савобига ота-онаси ҳам, ҳар бир муаллиму устозлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка одатлантирилса, ҳайвонлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, охир-оқибат ҳалок бўлади. Оқибати эса унинг тарбияси учун жавобгар бўлганларнинг гарданига тушади”.
Ҳурматли ота-оналаримиз бу масалага ҳаргиз беэътибор бўлмасликларини, ўз жигарбандлари учун оила даврасида, дастурхон атрофида, кўча-кўйда, ҳаттоки, иш жойларида ҳам вақту имкон топиб уларнинг тарбияси ва таълимига вақт ажратишлари шарт. Фарзандларимизга бағрикенглик, меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик тушунчаларини шу пайтда сингдирмасак, бошқа қачон ўргатамиз?! Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси беҳудага "Тарбия" фанини мактаб ўқув дастурларига киритиш таклифини олға сурмади. Шу билан бирга партиямиз томонидан бошланғич синф ўқувчиларини мактабда бепул овқатлантириш ташаббуси ишлаб чиқилиб жорий йилдан парламентимиз даражасида мазкур қонунчилик ташаббуси Республикамизнинг айрим ҳудудларида тажриба тариқасида ҳаётга татбиқ этилишига эришиляпти. Зотан илиги тўқ боланинг фикрлари ҳам соғлом бўлади.
Хулоса сифатида таъкидлаш жоизки, тарбия ва таълим соҳасини ҳамда шунга таянган ҳолда инсон онгини ўзгартирмас эканмиз, маънавиятимизни такомиллаштиришга, инсонини ўзгартириш орқали жамиятни ўзгартиришга муваффақ бўла олмаймиз.
Алишер АРИПОВ,
ЎзМТДП фаоли