Пора олиш, бериш, воситачилик қилиш – жиноят тушинчаси ва унинг салбий оқибатлари
Хабарингиз бор, хукуматимиз томонидан ҳам коррупция иллатига қарши кескин кураш олиб борилмоқда.
Ушбу иллатга қарши кураш борасида бир қатор чора-тадбирлар ҳам амалга оширилди.
Жумладан: давлат хизматчиларининг ойлик маошлар сезиларли даражада бир неча маротаба оширилди, аҳолининг даромадларини ошириш борасида уларга қулайликлар, шароитлар яратилди ва бу ишлар давом эттирилмоқда.
Халқ орасида баъзида пора билан тушибди деб эшитиб қоламиз.
Шу орада Халқимиз орасида машҳур бўлган мақол эсимизга тушади.
Бузоқнинг югургани сомонхонагача!
Қонунлармизда пора олиш жинояти учун оғир жазолар белгиланган бўлсада, баъзи бир қўштирноқ ичидаги фуқароларимиз томонидан ушбу жиноятни содир этишаётгани ҳеч биримизга сир эмас.
Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 210-моддасида Пора олиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлиши, — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора олиш:
а) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 211 ёки 212-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан;
б) кўп миқдорда;
в) тамагирлик йўли билан;
г) бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, — беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора олиш:
а) жуда кўп миқдорда;
б) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, — ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 211-моддасида Пора бериш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора бериш:
а) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 210 ёки 212-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан;
б) кўп миқдорда содир этилган бўлса — беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора бериш:
а) жуда кўп миқдорда;
б) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, — ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Башарти, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 212-моддасида Пора олиш-беришда воситачилик қилиш, яъни пора олиш ёки бериш хусусидаги келишувга эришишга қаратилган фаолият, шунингдек манфаатдор шахсларнинг топшириғи билан порани бевосита бериш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 210 ёки 211-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан;
б) кўп миқдорда пора олиш ёки бериш вақтида;
в) бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб пора олаётганлиги воситачига аён бўлган ҳолда содир этилган бўлса, — беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора олиш-беришда воситачилик қилиш:
а) ҳақ эвазига;
б) жуда кўп миқдорда пора олиш ёки бериш вақтида;
в) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, — ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Башарти, пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар мазкур жиноятни олдини олиш ва салбий оқибатларини камайтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Бахтиёр Мамадаминов,
Жиноят ишлари бўйича
Янгиобод туман судининг раиси