Конституциямизда тадбиркорларга берилган энг муҳим кафолатлар ҳақида биласизми?
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси юртимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинларининг ҳуқуқий кафолати ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоясини янги босқичга олиб чиқиш, қонунчиликни ривожлантириш, мамлакатда қулай инвестицион муҳитни яратиш, чинакам халқпарвар давлатчилик асосларини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги таҳрирда қабул қилинди.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилинишини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш янгиланаётган Ўзбекистонда барпо этилаётган очиқ, эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусиятидир. Янги таҳрирдаги Конституция - инсон шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқларининг мустаҳкам кафолати ҳисобланади.
Масалан Конституциямизда тадбиркорларга берилган энг муҳим кафолатлар қуйидагилардир:
- Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли.
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади.
- Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди.
- Банк операцияларининг, омонатларнинг ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши кафолатланади.
- Барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади.
- Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади.
- Монопол фаолият қонун билан тартибга солинади ва чекланади.
- Ер хусусий мулк бўлиши мумкин.
- Интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилинади.
Демак Конституциямизнинг янги нормаларида асосий эътибор инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилганини ишонч билан таъкидлаш мумкин.
Бахтиёр Мамадаминов,
Жиноят ишлари бўйича
Янгиобод туман судининг раиси