Янгиободда эҳтиёжманд оилалар учун даромад манбаини яратиш ва турмуш шароитини яхшилаш мақсадида тикув машиналари тарқатилди
Аҳоли даромадларини ошириш, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг турмуш шароитларини яхшилаш ва камбағаллик даражасидан чиқариш борасида Янгиобод туманида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Аввал ҳам таъкидлаганимиздек, тумандаги ҳар бир маҳаллаларда туман ҳокими бошчилигида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан эҳтиёжманд оилалар билан якка тартибда суҳбатлар олиб борилиб, турмуш шароитлари, эҳтиёж ва имкониятлари бирма-бир ўрганилмоқда.
Шунингдек, хонадон эгаларининг талаб ва имкониятларидан келиб чиқиб уларга ўзлари учун кундалик даромад манбаи яратишлари учун бир нечта таклифлар берилган эди.
Хонадон эгаларининг истак ва эҳтиёжлари, мавжуд имкониятлари асосида камбағаллик даражасига тушиб қолган шу каби оилаларга мунтазам равишда беғараз амалий кўмак кўрсатиб келинмоқда.
Хусусан, 60 данн ортиқ эҳтиёжманд хонадонларга паррандачилик йўналишида тадбиркорликларини бошлаб олишлари мақсадида 3 мингдан ортиқ жўжа, яна бир нечта оилаларша эса шахсий томорқаларидан самарали фойдаланиб, даромад олишлари учун кўчатлар тарқатилди, иссиқхоналар қуриб берилди.
Бу гал ҳам туман “Маҳалла” жамоат фонди қошида ташкил этилган “Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ва фермерлар ҳомийлигида тумандаги 25 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, оиласида ногирони бор ва бошқа сабаблар билан ўз даромадига эга бўлмаган оилаларга туман ҳокимлиги ва Халқ қабулхонаси мутасаддилари томонидан тикув машиналари тарқатилди.
Албатта, бу каби эътибор ва ғамхўрликдан хонадон эгаларининг қувончи чексиз. Энди ушбу ҳадя қилинган тикув машиналари орқали ўз оилаларига барака олиб киришга, ўзлари учун яратилган бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, турмуш шароитларини яхшилаш йўлида илдам одимлашга ваъда бердилар.
Биламизки, кўмакка муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиш, синовли ва оғир кунларида уларнинг оғирини енгил қилиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган азалий қадриятлари сирасига киради. Ҳозирда туманимизнинг барча маҳаллаларида бу каби саҳоват тадбирлари мунтазам ташкил этилиб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламининг оилавий даромад манбаини яратиб бериш борасида доимий қўллаб-қувватлаб келинмоқда.
Янгиобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати