Янгиобод касб-ҳунар мактаби ўқувчилари ўзларининг касб маҳоратларини намойиш этишди
Жиззах вилояти касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармасининг 2021 йил 2 февралдаги “Касб ҳунар мактабларида “WorldSkills” талаблари асосида “Касб маҳорати” танловларини ўтказиш тўғрисида”ги 25- сонли буйруғига асосан Янгиобод туман касб ҳунар мактаби ўқувчи ёшлари иштирокида “Касб махорати” кўрик танлови бўлиб ўтди.
Танловга иш беручи ташкилот ва корхоналар вакиллари, ота оналар ва туман халқ таьлими бўлимига қарашли умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари таклиф этилиб, истеъдодли ўқувчиларнинг эгаллаган билимларини ижодий ёндашувлар тарзидаги намойишларидан баҳраманд бўлдилар.
Кўрик танловда касб хунар мактабининг автомобилларни таъмирлаш чилангари, автомобилларни юриш қисмига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, пайвандловчи, тикувчи, рақамли ахборотларни қайта ишлаш устаси ҳамда йигирув ишлаб чиқарув оператори каби ўналишларда таҳсил олаётган жами 31 нафар ўқувчилар иштирок этишди.
Танловда ўқувчилар дастлаб тест саволлари асосида беллашдилар.
Шундан сўнг касбий амалий топшириқлар асосида техника хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда касб ҳунар мактабида эгаллаётган мутахассисликларига оид касб маҳоратларини намойиш этишди.
Танлов давомида ўқувчиларнинг махсус кийимлар, эмблемалар ва жихозлардан тўғри фойдалана олиш ҳолатлари ҳам эътиборга олиниб, соҳа мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Ўз танлаган соҳалари бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлаётган йигит-қизларнинг қўл меҳнатлари асосида тайёрланган кўргазмалари ва касб маҳоратлари иш берувчилар, соҳалар мутахассислари ва тадбир меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди.