Спортнинг WUCS (Аралаш жанг) тури бўйича ўтказилган республика очиқ турнирида Янгиободлик спортчилар ғолиб бўлди
Шу йилнинг 13-14 март кунлари Жиззах шаҳрида спортнинг WUCS (Аралаш жанг) тури бўйича республика очиқ турнири бўлиб ўтди.
Мусобоқада юртимизнинг турли нуқталаридан ташриф буюрган спортчи ёшлар билан бир қаторда Жеет Куне До спорти бўйича жаҳон чемпиони Адҳам Абдусаломов қўл остида тарбияланаётган Янгиободлик спортчилар ҳам иштирок этдилар.
Кескин ва муросасиз кечган баҳсларда ёш спортчиларимиз ўз куч ва салоҳиятларини намойиш этишиб, уларнинг 6 нафари 1-ўринни, 1 нафари иккинчи ҳамда яна бир нафари учинчи ўринни қўлга киритдилар.
Жумладан, 65 кг вазнда Умида Абдуҳалилова, 63 кг вазнда Асадбек Бердиёров, 60 кг вазнда Зулфия Ахадқулова, 54 кг вазнда Самандан Асрорқулов, 50 кг вазнда Озодбек Анорқулов ҳамда 45 кг вазнда Шаҳобиддин Нематуллаевлар турнир ғолиби бўлган бўлса, Гулноза Мирзаботирова ҳамда Мадинабону Эгамбердиевалар иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллашиб, мусобоқа совриндорлари қаторидан жой олдилар.
Таъкидлаш жоизки, мазкур спортчи ёшларимиз мунтазам равишда республика ва халқаро даражадаги спорт мусобоқаларида фаол иштирок этишиб, юқори натижаларга эришиб келмоқдалар.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 25-28 февраль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган спортнинг "Жеет Куне До" тури бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида ҳам фахрли ўринларни қўлга киритиб қайтишган эди.
Янгиобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати