Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » 1 октябрдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?

1 октябрдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?

27 сентябрь 2021 йил
327
0

1. ЯТТ томонидан солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти бекор қилинади

«Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент фармонига кўра, 2021 йил 1 октябрдан қуйидагилар бекор қилинади:

  • қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчиси бўлган ЯТТ томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти;
  • алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган тақиқ.

2. «Тонировка»га рухсатнома фақат my.gov.uz орқали берилади

Автотранспортлар ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш бўйича давлат хизмати фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилади.

3. Республиканинг барча туман (шаҳар)ларида юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилади

«Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарорига кўра, ҳудудий адлия бошқармалари ҳузурида юридик хизмат кўрсатиш марказлари республиканинг барча туман (шаҳар)ларида ташкил этилади.

4. «Масофий электрон декларациялаш» божхона постлари ташкил этилади

Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари божхона бошқармаларида тоифадан ташқари мақомга эга бўлган «Масофавий электрон декларациялаш» божхона постлари босқичма-босқич ташкил этилади.

«Масофавий электрон декларациялаш» постлари ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг электрон божхона юк декларацияларини масофавий расмийлаштиради.

5. Ёшларга энг яхши лойиҳалар учун 54 млн сўмгача грант маблағлари берилади

Ёшларнинг «Бизнесга биринчи қадам» стартап ғоялари танловлари ташкил этилади ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарда камида 3 нафардан ғолибга грантлар бериш амалиёти жорий этилади.

Энг яхши лойиҳаларнинг ҳар бири учун БҲМнинг 200 бараваригача (54 млн) грант маблағлари берилади.

6. 38 та маҳаллада «Электрон кузатув масканлари» ташкил этилади

«Маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ҳукумат қарорига кўра, 2021 йил 1 октябрдан 2022 йил 1 октябргача маҳаллаларда барпо этилган айрим «Жамоатчилик назорати масканлари» (масканлар) негизида «Электрон кузатув масканлари» фаолиятини ташкил этиш бўйича эксперимент ўтказилади.

Эксперимент доирасида:

  • тадбиркорларга бериладиган масканлар ва уларнинг бинолари атрофида 6 квадрат метргача «Электрон кузатув масканлари» жойлаштирилади, қолгани тадбиркорлик учун 5 йил муддатга ижаранинг «ноль» ставкаси асосида берилади;
  • масканлар ижара шартномаси асосида бериладиган тадбиркорлар «E-auksion» платформасида электрон танлов ўтказиш орқали аниқланади;
  • ижара муддати тугагандан сўнг масканларнинг бинолари маҳаллага мулк ҳуқуқи асосида қолдирилади.

Шунга кўра, ҳудудларда тегишли 38 та маҳалладаги масканлар «Электрон кузатув масканлари» фаолиятини ташкил этиш учун тадбиркорларга ижара ҳуқуқи асосида берилади.

7. Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш тартиблари такомиллаштирилади

2021 йил 1 октябрдан шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизасини амалга оширишда:

  • шаҳарсозлик ҳужжатлари «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими орқали кўриб чиқилади;
  • давлат маблағлари, давлат кафолатига олинган ташқи инвестиция маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган ишларнинг лойиҳа ҳужжатлари «Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси» ДУК ёки унинг ҳудудий филиаллари томонидан кўриб чиқилади;
  • бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар лойиҳа ҳужжатлари аккредитация қилинган юридик шахслар, «Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси» ДУК ёки унинг ҳудудий филиаллари томонидан кўриб чиқилади;
  • ижобий экспертиза хулосалари «Экспертиза хулосаларининг ягона реестри»га киритилган тақдирда ҳақиқий деб тан олинади;
  • экспертизадан ўтказганлик учун хизматлар ҳақини табақалаштирилган тартибда ҳисоблаш тизими жорий этилади;
  • лойиҳа ҳужжатларини кўриб чиқувчи эксперт — мутахассисларни аттестациядан ўтказиш ва уларни сертификатлаш тизими йўлга қўйилади.

Шунингдек, объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатларининг лойиҳавий ечимларини шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, қуйидаги объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш мажбурий эмас:

  • мавсумий ишлар учун вақтинча ва маиший бинолар;
  • 300 куб метрдан ортиқ бўлмаган алоҳида қурилаётган кичик ҳажмдаги объектлар;
  • икки қаватдан юқори бўлмаган (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда) баландлиги ер юзидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жойлар;
  • жорий таъмирланадиган бинолар, иншоотлар.

8. Электрон агросаноат бозори портали ташкил этилади

«Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари йўқотишларини қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ҳукумат қарорига кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Агросаноатни рақамлаштириш маркази» давлат муассасасида электрон агросаноат бозори портали ташкил этилади.

Электрон порталда, жумладан:

  • ички бозорни асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш даражаси доимий баҳоланади;
  • хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида онлайн режимда кооперация алоқалари йўлга қўйилиб, электрон савдолар ташкил этилади.

Электрон портал 2021 йил 1 октябрдан 1 декабргача «тест режими»да ишлайди ва 2022 йил 1 январдан тўлиқ ишга туширилади.

Бундан ташқари, E-AUKSION электрон савдо платформаси орқали ажратилган давлат мулки ҳисобланган ер участкалари ва бино-иншоотлар қиймати тадбиркорлар томонидан, истисно тариқасида, савдо ўтказилган санадан бошлаб бир йил давомида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш механизми жорий қилинади.

9. Экспортёр корхоналарга $5 млнгача бир марталик молиявий ресурслар тақдим этилади

2021 йил 1 октябрдан:

  • Йиллик экспорт ҳажми 20 млн АҚШ долларидан ошган корхоналарга экспорт савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун бир марталик молиявий ресурслар 5 млн долларгача миқдорда, бир йилгача муддатга тақдим этилади;
  • Охирги 12 ой давомида 1 млн доллардан ортиқ тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган корхоналарга асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқариши учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар олиб киришда божхона тўловларини тўлаш бўйича фоиз ҳисобланмаган ҳамда уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунга кечиктириш имконияти берилади.

Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўлланилиши 2021 йил 31 декабргача тўхтатилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 октябрдан юқори сифат ва назорат тизимига эга мамлакатлардан сертификатланган ва декларацияланган асбоб-ускуна, бутловчи қисмлар, хомашё, ўлчов воситалари, кимёвий реагентлар, кўтариш мосламалари ва транспорт воситалари импортида миллий сертификат олиш талаби бекор қилинади.

10. Цемент ишлаб чиқарувчилар учун фойда солиғи ставкаси пасайтирилади

2021 йил 1 октябрдан цемент (клинкер) ишлаб чиқарувчилар учун фойда солиғининг ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилади.

11. Қиймати 200 млрд сўмдан ошадиган лойиҳалар давлат томонидан инфратузилмалар билан таъминланади

2021 йил 1 октябрдан бошлаб инвесторнинг қиймати 200 млрд сўмдан ошадиган, унинг ўз маблағлари улуши 25 фоиздан кам бўлмаган, инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларини зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Қиймати 200 млрд сўмдан ошадиган инвестиция лойиҳалари доирасида бюджет ссудаси маблағлари:

  • бюджет ссудаси маблағлари электр энергияси тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари учун «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖларга, табиий газ тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари учун «Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖга ажратилади;
  • автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бош бошқармалари ҳузуридаги автомобиль йўлларини ривожлантириш жамғармалари ҳисобидан амалга оширилади.

12. Барча ҳудудларда 14 та IT-техникум фаолияти йўлга қўйилади

1 октябрдан барча ҳудудларда 14 та IT-техникум фаолияти йўлга қўйилади. Уларда дастурий инжиниринг, ахборот хавфсизлиги, телекоммуникация каби йўналишлар бўйича 8 мингга яқин ўқувчи таҳсил олади.

Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида 10 сентябрь куни ахборот технологиялари соҳасида салоҳиятли кадрлар тайёрлаш ва иқтидорли ёшлар билан тизимли ишлаш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

13. ҚҚСнинг салбий суммасини қоплаш учун солиқ органларига ариза билан мурожаат қилиш талаби бекор қилинади

«Қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилигини такомиллаштириш тўғрисида"ги президент қарорига кўра, 2021 йил 1 октябрдан экспорт қилинадиган товарлар учун ишлатилган, ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланиши лозим бўлган (тўланган) ҚҚС суммаси солиқ тўловчининг Ўзбекистондаги банк ҳисобварағига чет эл валютаси тушуми келиб тушишидан қатъи назар ҳиcобга олинади.

Ушбу имконият интизомли солиқ тўловчиларга (охирги бир йил давомида валюта тушумларини ўз вақтида таъминлаб келаётган ва экспорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги бўлмаган) татбиқ этилади.

Товарлар «экспорт» божхона режими остида чиқарилган кундан эътиборан 180 кун ичида валюта тушуми ёки унинг бир қисми экспорт қилувчининг Ўзбекистон тижорат банкларидаги ҳисобварағига келиб тушмаган тақдирда, ҚҚСнинг ҳисобга олинган суммаси ёки унинг тегишли қисми белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилади.

14. Кўп квартирали уй-жой эксплуатациясининг кафолат муддати жорий қилинади

«Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги президент қарорига кўра, 1 октябрдан қурилиши тугалланган ва фойдаланишга қабул қилинган кўп квартирали уй-жойни бошқариш биринчи икки йилда қурувчи томонидан амалга оширилади ҳамда мазкур муддатга кўп квартирали уй-жой эксплуатациясининг кафолат муддати жорий қилинади.

Ҳар бир кўп квартирали уй-жойнинг кадастр паспортида кўп квартирали уй-жойга туташ ер участкаси тўғрисида маълумотлар мажбурий тартибда бўлиши шарт.

15. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги ҳисоботлар электрон шаклда юритилади

«Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолида сув ресурсларининг ҳисоби ва ҳисоботини ҳамда мониторингини юритиш тартиби тўғрисидаги» ҳукумат қарорига кўра, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолида cув ресурсларининг ҳисобини юритишнинг шаффоф тизими жорий этилади.

Сув ресурсларининг ҳисоботини юритишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этилади, шунингдек соҳада мониторинг юритилади. Сувдан барча махсус фойдаланувчилар ва махсус сув истеъмолчилари сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги ҳисоботлар электрон шаклда юритилади.

Сув олиш жойлари «онлайн» режимда ишлайдиган рақамли қурилмалар билан босқичма-босқич жиҳозланади ва маълумотларни узатиш бўйича дастурий таъминланади.

16. Суд органлари фаолияти давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади

2021 йилдан бошлаб Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, қуйи судлар судьялари, Судьялар олий мактаби ва уларнинг аппарати ходимлари, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг иш ҳақлари ва қўшимча тўловлари тўлиқлигича Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Бунда қуйидаги тўловлар 2021 йил 1 октябргача Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб эса республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади:

  • судлар, Судьялар олий кенгаши судьялари ва уларнинг аппарати ходимлари, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг кўп йиллик хизматлари учун устамалар;
  • Олий суд, Судьялар олий кенгаши судьялари ва аппаратлари ходимлари, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг малака даражаси ва мансаб даражаси учун қўшимча ҳақ.

Шунингдек, судьялар, суд аппарати ходимлари, Судьялар олий кенгаши, шунингдек, Судьялар олий мактаби, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари тасдиқланди.

17. Aлкоголь ва тамаки маҳсулотларининг айрим турларига солиқ ставкалари оширилади

2021 йил 1 октябрдан қуйидаги алкоголь ва тамаки маҳсулотларига солиқ ставкалари оширилади:

Шунингдек, 2021 йил 1 октябрдан:

  • Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ва ички аудит хизматлари ҳар чоракда ОАВ вакиллари иштирокида жамоатчиликка ўз ҳисоботларни эълон қилиб боради.
  • «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар ва шахслар тўғрисидаги маълумотлар манфаатдор вазирлик ва идораларга «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этилади.
  • Ойлик устамалар бошлаб Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, иш берувчи ва ёш мутахассис билан 3 йилгача бўлган муддатга тузилган шартнома асосида ёш мутахассиснинг лавозим маошига қўшимча равишда ҳар ой тўлаб борилади.
  • Тегишли давлат тиббиёт муассасаларида (14 та) имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилинади ва молиялаштиришнинг янги механизми асосида уларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллашнинг электрон ахборот тизими жорий этилади.
  • Барча давлат органлари ва ташкилотлари, вилоят ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилади.
  • 5 октябрдан бошлаб Москвадан Ўзбекистон шаҳарларига доимий авиақатновлар оширилади. Бунда Москва — Тошкент йўналиши бўйича ҳафтасига 4 тагача рейс, Москва — Самарқанд, Бухоро бўйича ҳафтасига 2 та рейс йўлга қўйилади.
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар