Китоб ва китобхонлик - инсон маънавияти кўзгуси
Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинган 2-танлов ғолибларига Давлат гранти сертификатлари топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда янгиланаётган жамиятимизда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаолият доираси ва мавқеи тобора ортиб бораётганлиги, уларга яратилаётган имкониятлар хусусида сўз юритилди. Шу нуқтайи назардан муносиб лойиҳаларга берилган давлат грантлари ҳар бир ННТ нинг ўз олдига қўйган вазифаси — жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишдек эзгу мақсадни рўёбга чиқаришда асосий омил эканлиги таъкидланди.
Мазкур танловда "Китоб ва китобхонлик - инсон маънавияти кўзгуси" номли лойиҳамиз билан иштирок этиб, ғолиблар қаторидан ўрин олдик. Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижроси доирасида ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган 4-ташаббус ижросини таъминлаш, яъни ёшлар орасида китоб ўқишга бўлган эҳтиёжни қондириш, уларда китобхонлик маданиятини шакллантириш лойиҳамизнинг асосий фаолият йўналишидир. Бу фаолиятни амалга ошириш жараёнида туман Маънавият ва маърифат маркази қошида кутубхона ташкил этиш, шу билан бирга маҳаллалардаги ёшлар билан китоблар тақдимотини ўтказиш, электрон кутубхонадан фойдаланиш малакасини шакллантириш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш бўйича қатор тарғибот тадбирлари ташкил этиш ва ОАВ орқали ёритиб бориш режалаштирилган.
С.Абдураҳмонова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Янгиобод туман бўлинмаси раҳбари,
Вилоят кенгаши депутати