Янгиободда Бош қомусимиз қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди
Халқимизнинг барча хоҳиш-иродаси ва ҳуқуқларини ўзида мужассам этган бош қомусимиз – эркин ва фаровон ҳаётимиз асоси, халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб, юртимизда кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Мана 30 йилдирки, халқимиз ҳаётида том маънода тарихий сана бўлган 8-декабрни юртимизда катта байрам сифатида нишонлаш ўзига хос анъанага айланган.
Янгиобод туманида ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан аҳоли ва кенг жамоатчилик иштирокида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Янгиобод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоев иштирок этди ва Бош қомусимиз қабул қилинган кун билан барчани самимий табриклаб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимиз иродаси ва маданиятини ўзида акс эттирувчи мустақил ўзбек давлати ва жамиятининг асосий қонуни эканини, бугунги кунда Конституциямизда муҳрлаб қўйилган тамойиллар асосида аҳоли турмуш даражаси ўсиб, юртимиз қиёфаси, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни бутунлай ўзгариб бораётганини таъкидлаб ўтди.
Тадбир доирасида туманимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ тумандошларимизга Президент фармонига мувофиқ «Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги» эсдалик нишони топширилди.
Тадбир давомида шоирлар ва ёш санъаткорлар томонидан ватанпарварликни мадҳ этувчи шэърлар ва куй-қўшиқлар янгради. Туман маданият бўлими хонандалари томонидан тайёрланган концерт дастури йиғилганлар ҳукмига ҳавола этилиб, барчага кўтаринки кайфият улашди.