"Ёш чегарачилар" ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг туман босқичи бўлиб ўтди
Янгиобод туманида ёшларни Ватанга муҳаббат, ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, чегара хизматига қизиқтириш ва босқичма-босқич тайёрлаб бориш, шу билан бирга, Ватанимиз хавфсизлигини таъминлаш учун ўсиб келаётган ёш авлодда масъуллик ҳиссини шакллантириш мақсадида "Ёш чегарачилар" ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақада чегараолди ҳудудлардаги умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган чақириққача тайёргарлик ёшидаги ўқувчилардан иборат жамоалар иштирок этишди.
Жамоалар кўрик-танлов Низомида белгиланган сафда юриш, турникка тортилиш, югуриш, автоматни қисмларга ажратиш ва йиғиш каби шартлар асосида ўзаро беллашдилар.
Анчайин қизиқарли ва шиддатли тарзда бўлиб ўтган мусобақалар сўнгида ғолиб жамоалар ва фаол иштирокчилар тадбир ташкилотчилари томонидан диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.