Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Опен бюджетдан ютган жойга асфальт қилишяпти экан, бир тепса бузилиб кетяпти...” мазмундаги пост юзасидан расмий муносабат
Ижтимоий тармоқларда “Опен бюджетдан ютган жойга асфальт қилишяпти экан, бир тепса бузилиб кетяпти...” деган мазмундаги пост тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан шуни маълум қиламизки, ташаббусли бюджет жараёнининг 2022 йил 2 мавсумида Шодлик МФЙ Мелобод қишлоғидан Пучуғой қишлоғидаги 2-мактаб биносигача бўлган йўлни асфальт қилиш лойиҳаси жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган (ғолиб деб топилган).
Шу йилнинг 26 март куни “Иброҳим Строй Стар” МЧЖ томонидан мазкур 2,3 км масофадаги йўлни асфальтлаштириш ишлари олиб борилган. Иш жараёнида йўлнинг тахминан 1120-метрида техник носозлик туфайли йўлнинг 2 метр қисмини асфальтлаш сифатсиз амалга оширилган. Лекин МЧЖ раҳбари ушбу камчиликни жамоатчилик назорати вакиллари олдида тан олиб, икки соат вақт ичида камчиликни тўлиқ бартараф этган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳани тасвирга олган фуқаро билан гаплашилганда, у асфальтлаш жараёнида йўлнинг 2 метр қисми сифатсиз қилинганда фирма раҳбарига кўрсатиш мақсадида олганини маълум қилди. Йўлнинг ушбу қисми қайта таъмирлангандан сўнг орадан тахминан 10 кун ўтиб ушбу видеолавҳа эҳтиётсизлик натижасида ижтимоий тармоқларга тарқаб кетган.
Ҳозирда лойиҳадаги бажарилган ишлар бўйича лабаратория хулосалари ҳали олинмаган, қабул қилиш-топшириш далолатномалари тузилмаган. Қолаверса, йўлнинг қанчалик белгиланган стандартлар асосида бажарилганлиги ва сифати юзасидан якуний хулоса олингунга қадар тегишли ташкилотлар томонидан лойиҳа қабул қилиб олинмайди.
Лекин шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, ҳозирда асфальтлаштирилган йўлнинг сифати юзасидан жамоатчиликда ҳеч қандай эътирозлар мавжуд эмас ва маҳаллий аҳоли бу ишлардан миннатдор кайфиятда.
Янгиобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати