"Янги Ўзбекистон - ёшлар мамлакати" шиори остида фестивал бўлиб ўтди
Айни кунларда Янгиобод туманининг барча маҳалла ва қишлоқларида "Ёшлар ойлиги" доирасида турли тадбирлар ва спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.
"Янги Ўзбекистон - ёшлар мамлакати" шиори остидаги бу галги фестивал туманнинг Дўстлик МФЙ, Пасткичақир қишлоғида бўлиб ўтди.
Фестивал доирасида турли спорт ўйинлари, шахмат-шашка, стол тенниси, тош кўтариш ва арқон тортиш мусобақалари, китоблар ярмаркаси, "Заковат" интеллектуал ўйини ҳамда туман маданият бўлими санъаткорлари томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Тадбирда туман ҳокими ўринбосари Азизбек Нишонов ва мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари сўз олишиб, барчани байрам билан табрикладилар ҳамда мусобақаларда ғолиб бўлган ёшлар ва фаол иштирокчилар рағбатлантирилди.
Байрам тадбири гулхан атрофида ёшларнинг куй-қўшиқ ва ўйин-кулгулари билан давом этди.